ИИВ ходимлари фуқароларни қутқариб қолди
Натижада ушбу транспорт воситасида ёнғин келиб чиқиб, унинг салонидаги 4 нафар фуқаронинг ҳаёти хавф остида қолади.
Жорий йил 18 августдан 19 августга ўтар кечаси, тунги соат тахминан 03:00 ларда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги А.Мусаев кўчасида Ласетти русумли автомашина электр тармоқларининг бетон устунига урилиб, йўл транспорт ҳодисасини содир этади.
Натижада ушбу транспорт воситасида ёнғин келиб чиқиб, унинг салонидаги 4 нафар фуқаронинг ҳаёти хавф остида қолади. Бироқ шу пайт, мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Патрул-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимлари сафдорлар М.Уразимбетов, Н.Қолбоев, С.Абдиев ва Т.Палимбетовлар ёрдамга келиб, уларни ёнаётган машина ичидан чиқариб олди.
Шунингдек, жароҳат олганларга тез тиббий ёрдам етиб келгунга қадар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, кейин шифохонага жўнатди. Воқеа жойига етиб келган Ёнғин хавфсизлиги ходимлари эса, ёнғинни бартараф этишга муваффақ бўлди.
Ҳозирда ушбу кўнгилсизликнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.