25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни
Ҳаётда ҳар бир киши кутилмаган вазиятларга дуч келиши мумкин. Шунда кўпчилик ички ишлар органларининг “102” рақамига қўнғироқ қилади.
Бу қисқагина рақам ортида эса юзлаб ходимлар меҳнат қилиши, улар кунни тунга улаб, доимо алоқада бўлиши ҳақида эса ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Бир вақтлар бу оддий телефон линияси бўлиб, унга ким, қандай мазмунда мурожаат қилгани бошқалар учун қоронғу бўлган. Шу тариқа эътибордан четда қоладиган мурожаатлар ҳам йўқ эмас эди.
Бугунги кунда бу тизим бутунлай ўзгарган, яъни рақамлашган замонавий хизматга, таъбир жоиз бўлса, аҳоли мурожаатларига эътибор қилиш бўйича соҳанинг “тез ёрдами”га айланган.
Жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш ва қайд қилиш автоматлаштирилган ахборот тизими – 102 рақамига тушаётган ҳар бир қўнғироқ автоматик ёзиб олинади. Мурожаат эса тушганидан бошлаб ҳал бўлгунича Ички ишлар вазирлиги ситуацион-таҳлилий маркази – ягона рақамлаштирилган бошқарув платформасида назоратда бўлади.
Мазкур марказга ташриф буюриб, соҳа ходимлари иш фаолияти билан танишдик. Жорий йил давомида амалга оширилган ишлар, тизим билан боғлиқ янгиликлар, учраётган муаммолар ҳақида мутахассислар билан суҳбатлашдик.
– Мазкур марказ 2019 йил ташкил этилган, - деди ИИВ ситуацион-таҳлилий маркази бўлими бошлиғи, подполковник Отабек Шоҳакимов. – Марказга юклатилган вазифа – республика бўйича тезкор вазиятни кузатиш ва жойларда йиғилган маълумотларни жамлаш, уларни бошқариш, тезкор куч ва воситаларни бошқариш учун ҳамкор идоралар билан биргаликда ишни ташкил этишдир. Марказнинг техник имкониятлари жуда юқори. Видеокузатув, колл-марказлар иш фаолиятини кузатиб бориш имконияти мавжуд. Чунки бошқа ахборот тизимлари марказга интеграция қилинган. Бу бирор бир ҳодиса юзасидан тезкор қарор қабул қилиш учун яхши имконият. Яъни жойларда жиноят ҳодисаси юз берган вақтда воқеа иштирокчилари, жиноят тафсилотлари ҳақида бошқа идоралардан тўлиқ маълумотни онлайн олиш мумкин.
– Марказда ўрнатилган катта экранлар орқали қандай ҳолатларни аниқлаш мумкин?
Бу экранлар орқали ҳудудий 102 хизмати фаолияти бевосита кузатиб борилади. Зарур вазиятларда кўчаларда ўрганилган видеокузатув камераларига уланамиз ва шу орқали воқеа-ҳодисаларни онлайн кўриб, уларга аниқлик киритилади. Марказимиз ички ишлар органларидаги мавжуд барча ахборот тизимларига улангани бунга имкон беради.
– Ҳудудлардаги 102 хизмати фаолиятини онлайн кузатиш пайти уларга тушаётган мурожаатлар мазмуни ва ҳал этилиши қандай назорат қилинади? Ёки улар берган ҳисоботлар асосида таҳлил юритиладими?
– Тушаётган ҳар бир хабарни эшитиш, жараённи онлайн кузатиш ва тафсилотлар билан тўлиқ танишиш имкониятимиз бор. Зарур ҳолларда жойлардаги куч ва воситалар марказимиз ходимлари томонидан тезкорлик билан бошқарилади. Кундалик иш жараёнида ҳудудий ходимларга марказ мутахассислари услубий ёрдам кўрсатади.
ИИВ ситуацион-таҳлилий маркази бошлиғи ўринбосари Бекзод Юсупов 102 хизматига қанча, қандай мурожаатлар тушаётгани, ёлғон хабарлар ҳақида маълумот берди.
– Тушаётган мурожаатларнинг асосий қисми оила, турмуш муносабатлари билан боғлиқ, - деди Б.Юсупов. – Аҳоли орасида энг кўп тарқалаётган ҳуқуқбузарлик – бу ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган фирибгарликлардир. Яъни банк пластик карталаридан пул ўғирлаш ёки одамларни алдаб пулини олиш каби ҳолатлар кўпайган ва жабрланганлар шу масалада ёрдам сўраб қўнғироқ қилади. Барча ҳуқуқбузарликлар бўйича 102 хизмати ходимлари тегишли хизматларга тезкор хабар етказади. Хабарни қабул қилган ходимларнинг кейинги фаолияти, яъни мурожаат қандай ҳал этилгани ситуацион-таҳлилий марказ ходимлари кузатувида бўлади. Қолаверса, ИИВ ва Бош прокуратура ҳамкорлигида ишлаб чиқилган e-mateial тизими бор. Аҳоли мурожаатлари тизимда электрон рўйхатга олинади. Мазкур тизимда ҳам мурожаат назоратда туради.
Айтиб ўтиш керакки, жиноятлар ҳақида ёлғон хабар берадиган ҳам учраб туради. Оғир жиноятлар, аҳолига хавф туғдирадиган вазиятлар ҳақида ёлғон хабар берувчиларни қонунчиликка кўра жавобгарликка тортиш чорасини кўришга мажбур бўламиз.
– Ходимлар тезкор равишда бориши шарт бўлган ҳодисалар ҳам учраб туради. Шундай вазиятда қандай йўл тутилади?
– Ҳодиса юз берганда воқеа жойига энг яқин бўлган ички ишлари органлари ходимларидан иборат гуруҳ (наряд) юборилади. Кейин эса шу жойга масъул раҳбар бошчилигидаги тергов-тезкор гуруҳи ҳам етиб боради ва ҳолатга ҳуқуқий баҳо беради.
– 102 хизматига бу йил қанча мурожаат тушди ва улар қандай ҳал этилди?
– Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида 102 қисқа рақами орқали фуқаролар жами 3 миллион 835 минг 235 марта қўнғироқни амалга оширди. Шундан 2 миллион 450 минг мурожаат ички ишлар органларига ходимларига тааллуқли бўлиб, улар қонун доирасида кўриб чиқилди.
Қолган мурожаатлар эса тезкор муносабат билдириш талаб этилмайдиган ёки ички ишлар органлари фаолиятига тааллуқли бўлмаган қўнғироқларни ташкил этди.
Хусусан, 701 мингдан ортиқ ҳолатда фуқаролар маслаҳат ва ёрдам сўраб қўнғироқ қилди. Уларга маълумотлар олиш, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатдан ўтиш ва имтиҳон бўлинмалари, рухсат бериш, пробация, профилактика ва бошқа бўлинмаларнинг фуқароларни қабул қилиш тартиблари ва жойлари, ички ишлари органлари бўлинмалари ва ходимларнинг телефон рақамлари бўйича керакли маълумот берилди.
102 га 200 мингга яқин киши адашиб қўнғироқ қилган. 330 минг ҳолатда қўнғироқ қилувчи гапирмасдан жим туриш ҳолати кузатилган. 112 мингдан зиёд ҳолатда алоқа узилган. 7,5 минг марта алоқани текширув бўйича техник қўнғироқ амалга оширилган.
Бундан ташқари, 1 минг 625 ҳолатда бошқа шошилинч хизматларга оид хабарлар келиб тушган. Улар бўйича телефон орқали тегишли шошилинч хизматларга хабар берилган ҳамда конференцалоқа канали орқали қўнғироқлар йўналтириб берилган.
Ҳудудлардаги сектор фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан 6 мингдан ортиқ қўнғироқ келиб тушган. Улар юзасидан тегишли органларга мурожаат этиш юзасидан тавсиялар берилиб, хабар ҳудудий ички ишлар органларига юборилиб, профилактика инспекторлари орқали тегишли идора ва сектор масъулига хабарни етказиш ва фуқарога тушунтириш ишларини олиб бориш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш амалиёти қўлланилди.
Умуман айтганда, туну кун, яъни узлуксиз ишлайдиган 102 рақами орқали тушган ҳеч мурожаат эътибордан четда қолмайди, барчаси қонуний ечимини топади.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/EyF-2dHyLHs" title="ИИВ 102 хизмати: тўрт миллионга яқин қўнғироқ қабул қилинди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Дониёр Якубов (видео),
ЎзА мухбирлари