Халқаро кураш ассоциациясининг Тошкентдаги бош қароргоҳида жорий йилнинг 22-31 октябрида Баҳрайн ва ноябрь ойида Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган III Ёшлар Осиё ўйинлари ҳамда “Ислом бирдамлиги” ўйинларида миллий спортимиз кураш беллашувларини юқори даражада ташкил этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Муҳокамаларда иштирок этган Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Муҳаммад Реза Нассири, Ўзбекистон Кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Қодиров ва бошқа мутахассислар мазкур ўйинлар дастурига кураш спортининг киритилиши катта воқелик эканлигини эътироф этиб, мусобақаларни ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этиш масалалари хусусида фикр билдирди.

Муҳокамалар давомида давлатимиз раҳбарининг доимий қўллаб-қувватлаши кураш спорт турининг жаҳон миқёсидаги нуфузини янада оширишда муҳим омил бўлаётганини эътироф этди.
Кураш бўйича халқаро мусобақалар учун сифатли яктаклар ва кураш гиламларини тайёрлаш, чет мамлакатларнинг кураш федерацияларига етказиб бериш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтириш лозимлиги, бу, қадриятларимизнинг муҳим бўғини бўлган миллий спортимизнинг жаҳон миқёсида оммалашишига хизмат қилиши таъкидланди.
Мулоқотлар чоғида кураш бўйича катталар ўртасида жорий йил ўтказилиши режалаштирилган XV Жаҳон чемпионатини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар хусусида ҳам таклифлар илгари сурилди.
Т.Рўзиев, ЎзА