III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бошланди
Азалдан илм-фан, маданият ва ҳунармандчилик маркази сифатида танилган кўҳна ва боқий Бухорода III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалига тантанали старт берилди. Миллий қадриятлар, нодир ҳунармандчилик анъаналари ва бетакрор маданий меросни ўзида мужассам этган ушбу нуфузли анжуман нафақат мамлакатимиз, балки халқаро жамоатчилик эътиборини ҳам Бухорога қаратмоқда.
Фестиваль эрта тонгданоқ юқори кайфият ва байрамона муҳитда “Мўъжизалар карвони”нинг тантанали юриши билан бошланди. Арк қўрғонидан “Лаби ҳовуз” мажмуасигача бўлган тарихий кўчалар бўйлаб ўтган юришда миллий либослардаги иштирокчилар, фольклор жамоалари, ҳунармандлар ва санъаткорлар Бухоронинг бой маданий муҳитини яна бир бор намоён этди. Қадимий шаҳар кўчаларида янграган миллий куй-қўшиқлар ва рақслар фестивалга ўзгача файз бағишлади.
Фестиваль доирасида Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисмида республика фольклор жамоаларининг чиқишлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдолари, халқ амалий санъати намуналари тақдимотлари ташкил этилмоқда. Айниқса, зардўзлик ва заргарлик буюмларида миллий анъаналар билан замонавий услуб уйғунлиги иштирокчилар ва меҳмонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
[gallery-29422]
Мазкур халқаро фестиваль Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 апрелдаги “Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсади халқ амалий санъати, хусусан, зардўзлик ва заргарлик соҳасини ривожлантириш, миллий ҳунармандчилик мактабларини асраб-авайлаш, ёш авлодга етказиш ҳамда маданий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.
Фестиваль тадбирлари Бухоро шаҳрининг тарихий-маданий обидалари бўлган Арк қўрғони, Лаби ҳовуз, Пойи Калон ва Нодир девонбеги мадрасаси каби тарихий ва маданий масканларда ўтказилади. Бу эса Бухоронинг кўп асрлик тарихи, меъморий обидалари ва бетакрор муҳитини халқаро меҳмонларга янада яқиндан намоён қилиш имконини бермоқда
Фестиваль дастури жуда бой ва ранг-баранг. Унда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмалари, халқ рақслари ва фольклор чиқишлари, қўғирчоқ театрлари, концерт дастурлари, маҳорат дарслари ҳамда “Бухоро мода кунлари – 2026” доирасида миллий ва замонавий либослар намойиши ташкил этилмоқда. Бу тадбирлар миллий маданиятимизнинг нафосати ва жозибасини кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.
Эътиборлиси, фестивалда Африка, Европа, Осиё, Шимолий Америка ҳамда Тинч океани минтақаларидан 38 давлатдан 120 нафардан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этмоқда. Улар орасида халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари, санъатшунослар, дизайнерлар ва ҳунармандчилик соҳаси мутахассислари бор. Шунингдек, юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 300 дан зиёд маҳаллий ҳунармандлар ўз ижод намуналарини намойиш этмоқда.
III Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали нафақат миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраш ва ривожлантириш, балки Ўзбекистоннинг бой маданий меросини дунёга кенг тарғиб қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Кўҳна Бухорода ўтаётган ушбу нуфузли анжуман миллий санъат ва маданиятимизнинг юксак салоҳиятини яна бир бор намоён этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари