ИИБ инспектори хизмат машинасида аёлни уриб ўлдиргани ростми?
Ижтимоий тармоқларда Фарғонада “Маст ходим” рейдидан қочган ИИБ инспектори аёлни хизмат машинасида уриб ўлдирганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.Хўш, бу қанчалар асосли? Вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқларда Фарғонада “Маст ходим” рейдидан қочган ИИБ инспектори аёлни хизмат машинасида уриб ўлдирганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Хўш, бу қанчалар асосли? Вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Интернетдаги мана шундай олди-қочди хабарларга муносабат билдириш жараёнида бир гапни такрор ва такрор ишлатамиз. Илтимос, аксари асосланмаган манбалардан фойдаланманг. Ёлғон аралашган жойга ғийбатчилик, чақимчилик, иғво, бўҳтон ва бошқа турдаги барча тил офатлари кириб келар экан.
“Маст ходим” рейдидан қочган ИИБ инспектори аёлни хизмат машинасида уриб ўлдирди” номли хабар ҳам шунга мисол. “...зобит иддаосига кўра, ЙТҲ сабабчиси дея кўрилаётган А.Э қони текширилганда оз миқдорда алкоголли ичимлик истеъмол қилгани юзага чиққан” - дебсиз. Ким айтгани номаълум гапингиз учун. Ўша 25 сентябрь куни соат 20:30ларда содир бўлган воқеа пайтида профилактика инспектори А.Э мутлақо маст ҳолатда бўлмаган. Буни Фарғона шаҳар наркология диспансерининг 25.09.2019 йилдаги (рақамланган) хулосаси исботлаб турибди. А.Э “ИИБ ички хавфсизлик хизмати спиртли ичимлик ичган ходимларни аниқлаш мақсадида ўтказган рейд давомида қўлга тушиб қолишдан қочаётган пайтда уриб юборган”лиги ҳам ҳеч қандай асосга эга эмас. Ўша куни ходимлар учун ҳеч қандай рейд тадбирлари ўтказилмаган. Ходим хизмат автомашинасида эмас ўзининг шахсий “Матиз” русумли автомобилида ҳушёр ҳолда бўлган. Ҳодиса рўй берган куни А.Э автомашинани Фарғона шаҳар С.Темур кўчасидан А.Навоий кўчаси томонга бошқариб кетаётиб, шу кўчада жойлашган “Шох” кафеси рўпарасига етган вақтида тўсатдан автомашина олдига чиқиб қолган. Натижада 1972 йилда туғилган фуқаро Каримахон Ҳошимовани уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган (Жабрланувчининг исм-шарфи, ёши ҳам тўғри ёзилмаган) Оғир тан жароҳати олган аёлни А.Энинг ўзи Фарғона шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига олиб борган вақтда вафот этган.
Мазкур ҳолат бўйича воқеа жойида олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида воқеани гувоҳи бўлган фуқаролар А.Н, Д.М, Ш.О, У.Р, маълум қилишича, (гувоҳларнинг шахсий маълумотлари ҳам бизда бор) ЙТҲга учраган аёлни дастлаб йўлнинг қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келган “Нексия” русумли автомашина уриб юборганлиги, ундан кейин ушбу аёл “Матиз” автомашинасига бориб урилганлигини билдиришди. “Нексия” русумли автомашинани ушлаш чоралари ҳам кўрилган.
Ўзбекистон тумани ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант А.Эга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Албатта келгусида юқоридаги ҳолатга қонуний баҳо берилади. Ўзингиз айтмоқчи, “айни пайтда бу айбловлар акс этган ҳужжат Озодликда йўқ.” Демак, у айтди, бу айтди деб подадан олдин чанг чиқариш яхши эмас.