Теҳрон шаҳри (Эрон)га ташриф билан борган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Ҳоди Сулаймонпур билан учрашди.
Томонлар Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболини муҳокама қилдилар, режалаштирилган қўшма тадбирлар, хусусан, Шу йили ташкилотга аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги ва туризм вазирларининг навбатдаги учрашувини Ўзбекистонда ўтказиш бўйича фикр алмашдилар.
2021 йил 4 мартда видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 14-саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
ИҲТ Бош котиби Ўзбекистон раҳбарининг таклифлари ташкилотга аъзо мамлакатлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олингани ҳамда қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар доирасида тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар манфаатини ҳимоя қилиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Шу нуқтаи назардан сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг тузилмага аъзо давлатлар билан умумий товар айланмаси ҳажми бир ярим баравар ошиб, 9 миллиард долларни ташкил этгани айтилди. Ўзбекистонда ИҲТга аъзо мамлакатларнинг 5 мингга яқин корхонаси фаолият кўрсатмоқда.
Ташкилот Бош котиби жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилинди.
Музокара чоғида Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги алоқаларга доир бошқа долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди.
ЎзА