Жаҳон бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электротехника маҳсулотлари халқаро майдонда ўз ўрнини топишга интилмоқда.
Шу мақсадда яқинда Берлин шаҳрида бўлиб ўтган йирик электроника ва маиший техника кўргазмаларидан бири – “IFA 2025” халқаро кўргазмасига мамлакатимиз электротехника саноати ўзининг янги брендлари билан муносиб иштирок этди.

Маълумки, IFA (Internationale Funkausstellung Berlin) дунёдаги энг йирик электроника ва маиший техника кўргазмаларидан бири ҳисобланади. У ҳар йили Германия пойтахти Берлин шаҳрида ўтказилади. Кўргазмада дунёнинг етакчи компаниялари ўзининг сўнгги ишланмалари, инновацион технологиялари ва интеллектуал ечимларини тақдим этади. Шу боис IFA глобал бозордаги тенденциялар, янги маҳсулотлар ва инновацияларнинг асосий майдони сифатида эътироф этилади.
Шундай нуфузли халқаро тадбирда “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига аъзо Artel, Vitech, Ideal, ICG, S-Smart, Samo-Techno, Sharq Tubes каби корхоналар ўз маҳсулотларини халқаро майдонда илк бор кенг кўламда намойиш этиб, ташриф буюрганлар эътиборини қозонишга муваффақ бўлди.

“Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида тақдим этилган маҳсулотлар миллий стендни кўргазманинг энг гавжум масканларидан бирига айлантирди. Хусусан, Германия, Франция, Туркия, Греция, БАА, Миср ва бошқа кўплаб давлатлардан келган меҳмонлар маҳсулотларга қизиқиш билдириб, Ўзбекистон корхоналари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш истагини билдирди.
“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов қайд этганидек, бундай йирик кўргазмаларда иштирок этиш ўзбек корхоналарига нафақат маҳсулотларини тарғиб қилиш, балки янги экспорт бозорларини очиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инновацион ғояларни ўзлаштириш имкониятини беради.
–“IFA 2025” халқаро кўргазмаси Ўзбекистон электротехника саноати учун жуда катта аҳамиятга эга. Чунки бу нафақат миллий ишлаб чиқарувчиларимизнинг янги бозорларга чиқишига йўл очади, балки “Made in Uzbekistan” брендининг жаҳон миқёсида нуфузини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, ушбу кўргазма туфайли корхоналаримиз хорижий шериклар билан бевосита мулоқот қилиш, замонавий технологиялар ва бозор тенденцияларини ўрганиш имкониятига эга бўлади. Бу эса келгусида ички ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва рақобатбардош маҳсулотлар улушини оширишга хизмат қилади, – деди Намоз Толипов.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА