Ички ишлар ходимлари куни тантанали нишонланди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Зомин” тантаналар уйида тинчлик ва осойишталик посбонлари — Ички ишлар ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди.
Залда байрамона кайфият, ватанпарварлик руҳи ҳукм сурди. Тадбирда вилоят раҳбарияти, ички ишлар органларининг масъул ходимлари, соҳа фахрийлари, ёш мутахассислар ҳамда хизмат бурчини бажариш пайтида ҳалок бўлган мард посбонларнинг яқинлари иштирок этишди.

Йиғилиш давлат мадҳияси садолари билан бошланди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Шерали Эргашов сўзга чиқиб, шахсий таркибни байрам билан самимий табриклади ҳамда Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Байрам тантанасида таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги йилларда ички ишлар тизимида ходимлар малакасини ошириш, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, хизмат шароитларини яхшилаш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотни кучайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли хизмат самарадорлиги янада ошмоқда.

Тадбир давомида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, фидойилик ва масъулият билан ишлаётган раҳбар ва ходимлар ҳамда соҳа фахрийлари Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун”, “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, “Ички ишлар органларининг фахрий ходими”, “Касб аълочиси” унвонлари ва фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари, пул мукофотлари билан тақдирланишди.

Байрам сўнггида санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқ, рақслар ҳамда садоқат, жасорат руҳида ўқилган шеърлар иштирокчиларга бир олам ғурур ва қувонч бағишлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири