Ибратли оила нафақат ўз бахти, балки бутун жамият фаровонлиги учун ҳам масъул
Оила – миллатни улғайтирувчи муқаддас бешик. Бу қутлуғ бешикда қизу ўғлонлар ота-онаси қарамоғида, анъана ва қадриятлар таъсирида вояга етади, камол топади. Миллий ўзликни англаб етиши билан она Ватанга муносиб фарзанд бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 9 декабрдаги баёни ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вилоятлардаги ҳудудий бошқармаларида “Янги Ўзбекистонинг ибратли ҳарбий оиласи – 2026” кўрик-танлови ўтказилди. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қизғин ўтган танловнинг якуний босқичида республиканинг ғолиб оиласи аниқланди.
– Жамиятимизда шундай оилалар борки, улар нафақат ўз бахти, балки бутун жамият тинчлиги учун ҳам хизмат қилади. Тадбирда юртимиз бўйлаб ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 15 та ҳарбий оила иштирок этди. Улар ўртасидаги дўстона рақобат муҳитида кечган танловда иштирокчилар 4 та шарт бўйича ўзаро беллашди, – дейди Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси инспектори Моҳигул Шодиева. – Кўрик танловнинг якуний натижаларига кўра, 1-ўринни Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан Примовлар оиласи эгаллади. Ушбу оила катталарининг ҳар иккиси ҳам Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳарбий хизматчиси. Оила боши кичик сержант Отабек Примов – йўриқчи қутқарувчи. Унинг ҳар бир чақируви — кимнингдир ҳаёти, тақдири билан боғлиқ. У ёнғинлар, табиий офатлар, фавқулодда вазиятлар орасида инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўзини хавфга қўяди. Ҳар бир чиқиш — жасорат, ҳар бир қутқарилган инсон — юксак шараф. Айниқса бўлинма командири сифатида у нафақат ёнғинни ўчириш, балки ёнғинга жалб қилинадиган ходимларининг ҳаёти учун ҳам масъулиятни ҳис қилиб туради. Аёли эса кичик сержант Гулмира Ғайбуллаева – навбатчи диспетчер. Унинг қўлида тизимнинг “юраги” — алоқа, тезкорлик ва аниқ қарорлар мавжуд. Соҳадаги ҳар бир қўнғироқ, бу – шошилинч ёрдам сўрови. У вазиятни тезда баҳолаб, қутқарувчиларни тўғри йўналтиришга масъул. Бунда ҳар бир сониянинг қадрини ҳис қилиш муҳим. Бу оилада хизмат — фақат иш эмас, бу ҳаёт тарзи. Улар бир-бирини сўзсиз тушунади. Оилада фарзандлар ҳам ана шундай муҳитда — жасорат, интизом ва меҳр бағрида тарбия топмоқда.

Ҳар йили ўтказилаётган “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбий оиласи” кўрик-танлови маърифатли оилаларни кашф этиш, уларни кенг жамоатчиликка намуна сифатида кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга. Республика Маънавият ва маърифат маркази маълумотига кўра жорий йилги танловда Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тизимидаги оила 1-ўринни олган бўлса, 2-ўринни ФВВ Академиясидан Нодировлар оиласи, 3-ўринни Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан Норқўзиевлар оиласи эгаллади. Бу ғалаба — йиллар давомидаги машаққат, бир-бирига бўлган чексиз ишонч ва меҳрнинг самарасидир.
А.РУСТАМОВ, ЎзА