Ҳужжат – инсоннинг мавжудлик белгиси
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида истиқомат қилувчи 74 ёшли Гавҳарой Қурбонбоева бутун умри давомида сизу биздек яшаб, меҳнат қилиб, фарзанд тарбиялаган бўлса-да, туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг мавжуд эмаслиги сабабли нафақат шахсий маълумотлар тўғрисидаги ёзувларни расмийлаштириш, балки мерос масаласини ҳал этиш, нафақа таъминотига эга бўлиш, кўчмас мулкни расмийлаштириш каби муҳим ҳуқуқий жараёнларда жиддий тўсиқларга дуч келди. Айниқса, мерос масаласида бу ҳолат янада яққол намоён бўлди.
Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси томонидан амалга оширилаётган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” акцияси доирасида фуқаро Ховос туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилди. Мурожаат юзасидан масала атрофлича ўрганилиб, адлия органлари кўмагида суд тартибида Гавҳарой Қурбонбоева туғилганлиги факти расман тасдиқланди.

Ўрганиш жараёнида яна бир ҳуқуқий муаммо аниқланди — фуқаронинг онаси Ҳожалой момонинг ҳам ўлим факти ҳеч бир расмий ҳужжатда қайд этилмаган экан. Бу ҳолат ҳам белгиланган тартибда суд қарори орқали расмийлаштирилди.
Бугунги кунда Гавҳарой Қурбонбоева барча зарур ҳужжатларга эга. Энди у ота-онасидан қолган мулкни мерос қилиб расмийлаштириши, мулкий ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириши мумкин.
– Бугун менинг исмим, туғилган санам ва умуман мавжудлигим расман эътироф этилди. Бу фақат қоғоз эмас, балки инсон сифатидаги ҳақим. Давлатим, ФҲДЁ бўлими ва адлия органларидан миннатдорман. Улар менга “сиз борсиз ва сизнинг ҳуқуқларингиз муҳофаза қилинади” деган ишончни қайтаришди. Энди биламанки, ҳар қандай ҳужжат — инсоннинг ўзлигини тасдиқловчи асосий восита, – дейди Гавҳарой Қурбонбоева.
Таъкидлаш жоизки, шахсга оид ҳужжатлар — фақат расмий қоғоз эмас, балки инсоннинг ҳуқуқий мақоми, жамият ва давлат олдидаги мавжудлиги, тенглик ва ҳимоя кафолатидир. Шу боис, ҳар бир фуқаро ўз шахсий ҳужжатларини ўз вақтида расмийлаштириши ва уларни асрашга масъулият билан ёндашиши лозим.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири