Хусусий клиникаларга трансплантация амалиётини бажаришга рухсат берилди
“Тиббиёт соҳасида хусусий секторни қўшимча қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Унга кўра, миллий ёки халқаро аккредитациядан ўтган нодавлат тиббиёт ташкилотларига 2027 йил 1-майдан бошлаб қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартиб асосида трансплантация амалиёти билан шуғулланишга рухсат берилди.
Бунда нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш тартибига риоя этилиши тиббий фаолият учун лицензия талаб ва шартлари этиб белгиланади.
Нодавлат тиббиёт ташкилотларининг инсон аъзолари ва (ёки) тўқималарини трансплантация қилиш билан боғлиқ фаолияти “Хавфни таҳлил қилиш” тизими орқали хавфи юқори кўрсаткичга эга фаолият ҳисобланади.
Нодавлат тиббиёт ташкилотлари томонидан трансплантация амалиёти амалга оширилган беморлар ва донорлар тўғрисидаги маълумотлар мажбурий тартибда Соғлиқни сақлаш вазирлигига мунтазам тақдим этиб борилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан трансплантация амалиётини ўтказувчи тиббиёт ташкилотининг лабораторияси ёки аутсорсинг асосида республикадаги бошқа лабораторияларда молекулар-генетик текширувларни амалга ошириш бўйича талаблар белгиланади ҳамда трансплантация амалиётини ўтказиш учун зарур бўлган мажбурий таҳлиллар рўйхати тасдиқланади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда беморларни зарур дори воситалари билан таъминлаш инобатга олинади.
Трансплантация жарроҳлик амалиёти ўтказилгандан сўнг беморларни реабилитация қилиш тартиби ишлаб чиқилади.
Бунда нодавлат тиббиёт ташкилотининг реабилитация муддати давомида жавобгарлиги, шунингдек, беморларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун компенсация тўлаб бериш масалалари белгиланади.
ЎзА