Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 8-турида ОКМК жамоаси муҳим ғалабани қўлга киритган ҳолда мусобақа жадвалида пешқадамга айланиб олди.
Гап шундаки, ОКМК ўз майдонида "Андижон" клубини қабул қилди ва 4:3 ҳисобида зафар қучди.

Ўйиннинг 16-дақиқасида Хуршид Ғиёсов рақиб дарвозасини ишғол этиб, ОКМК жамоасини олдинга олиб чиққан бўлса, 19-дақиқада Бектемир Абдуманнонов мезбонлар дарвозасига гол урди. Орадан бироз вақт ўтиб, аниқроғи 39-дақиқада Алтин Крезиу (39) ва 42-дақиқада Сардорбек Азимовнинг голлари эвазига "Андижон" 1:3 ҳисобида олдинга чиқиб олди.

Бироқ иккинчи бўлимда Миржалол Қосимовдан керакли кўрсатмаларни олган ОКМК жамоаси ўйин тизгинини секин-аста ўз қўлига олди. 85-дақиқада Хуршид Ғиёсов пенальтидан унумли фойдаланган бўлса, 90+3-дақиқада ҳимоядаги тартибсизликдан фойдаланган Ойбек Рустамов ҳисобни тенглаштирди. Шунингдек, 90+7-дақиқада Х. Ғиёсов ўз номини яна таблога ёздириб қўйди.

Шу тариқа, олмалиқликлар муҳим 3 очкони қўлга киритиб, турнир жадвалида 19 очко билан пешқадамга айланиб олди.

Термиз шаҳрида ўтган "Сурхон" – "Пахтакор" ўртасидаги баҳс 2:1 ҳисобида якунланди. “Жар” стадионида ўтган "Бухоро" – "Машъал" беллашувида 1:2 ҳисоби қайд этилди.
Бугун, 4 май куни “Нефтчи” – “Сўғдиёна”, “Шўртан” – “Динамо” ва “Қизилқум” – “Навбаҳор” жамоалари ўртасида ўйин ўтказилади ва ушбу учрашувлардан сўнг 8-тур якунланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА