Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хуршид Даврон: “Танланган асарлар”

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб

Ўзбекистон халқ шоири, таниқли адиб ва муаррих Хуршид Давроннинг “Танланган асарлар” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.

Китобдан адибнинг турли даврларда ёзган эрк ва озодлик ҳақидаги шеърлари, “Шаҳидлар шоҳи ёхуд Шайх Нажмиддин Кубро тушлари” номли қиссаси, “Амир Темур пирлари”, “Мирзо Бобур пирлари” “Босқинчилик қаҳрамонлик бўладими?” каби эссе ва мақолалари жой олган.

Китобга педагогика фанлари доктори, таниқли адабиётшунос Қозоқбой Йўлдошев ҳамда филология фанлари номзоди Муҳайё Йўлдошевалар “Эрк ва ғурур куйчиси” номли салмоқли сўзбоши ёзган. 

– Хуршид Даврон ва унга тенгдош ижодкорлар адабиёт олдамига кириб келган ўтган асрнинг етмишинчи йилларида адабиёт бадиият чечакзори эмас, турфа қарашлару туйғулар олишаётган жанг майдони эди, дея ёзилади сўзбошида. 

Хуршид Даврон бу майдонда овозини баралла қўйиб зўр шиддат, жўшқинлик билан эрк, озодликни куйлашга чоғланган шоирларнинг олдинги сафларида турарди. Унинг 1983 йилда ёзилган “Самарқанддаги озодлик ҳайкали қошида ўйлар” шеъри шоир танлаган йўл, асл мақсадни англатиб туради.

Озодлик!

Мадад бер навқирон дилга,

Куй бергин, бўғзимни тўлдириб олай.

Қудрат бер, бағишлай юракни элга,

Ғазаб бер, мен уни солайин шеърга!

Шеърнинг мантиғига кўра, чинакам одам тиз чўкиб кечирилган умрни ҳаёт ҳисобламайди. Одам учун тиз чўкиб яшаш ўлимдан оғир, биргина нарса – озодликка тиз чўкиш мумкин, холос:

Боболар қошида тиз чўкиб ўлган,

Улар фақат сенга тиз буккан, холос!

Хуршид Давроннинг аксарият шеърларида  озодлик нафаси, ватан ҳарорати, тарих сабоқлари акс этиб турганига гувоҳ бўласиз. Бугуннинг яхшироқ кечирилмоғи, эртанинг мукаммал қурилмоғи учун тарихни билиш ва ундан сабоқ олиш лозимлигини шоир шундай ифодалайди: 

Бугунингни ўйласанг агар

Ер ағдариб тер тўк, буғдой соч – 

Униб чиқар, албатта, саҳар.

Эртани ҳам ўйласанг агар,

Боғ яратгин, йиллар ўтару

Юксалар боғ – бепоён, зафар.

Келажакни ўйласанг агар,

Униб-ўстир болаларингни,

Курашмоқни ўргансин улар...

Хуршид Давроннинг “Танланган асарлар”ини, албатта, ўқинг.

ЎзА