Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 ноябрдаги “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармонига асосан Бош прокуратура академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилди.
Академияда жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда ягона ёндашув асосида тайёрлашга қаратилган узлуксиз ўқув тизими йўлга қўйилди.
Жорий ўқув йилида мазкур даргоҳда бакалавриатнинг “Тергов фаолияти” ҳамда юриспруденциянинг бошқа бакалавриат таълим йўналишларида юридик кадрларни тайёрлаш жорий этилди.
Ҳозирда академия бакалавриатининг “Тергов фаолияти” йўналишига 2024/2025 ўқув йили учун қабул жараёни давом этмоқда. Ўқишга қабул қилиш очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида ташкил этилган.
Академия кол-марказига ўқишга ҳужжат топширишга доир кўплаб саволлар келган. Бу эса битирувчи ўқувчилар орасида академияга қизиқиш уйғонганлигини кўрсатган.
Шу муносабат билан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Академияга Тошкент шаҳри мактаблари ва юридик техникум битирувчилари, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳри ва вилояти академик лицейлари, академия талабаларининг ота-оналари, шунингдек, журналистлар ташриф буюрди.
Тадбир иштирокчиларини академия раҳбарияти ва ходимлари, Бош прокуратура вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фахрийлари қарши олди.
– Тадбиримиз мактаб, ўрта таълим муассасалари битирувчилари учун ташкил этилди, – деди Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи ўринбосари Дурбек Тўрахонов. – Бунга асосий сабаб – уларни академия фаолияти билан таништириш. Шу билан бирга, ўқишга кириш жараёнлари тартибидан уларни хабардор қилишдир. Сабаби, бу бўйича жуда ҳам кўп саволлар келиб тушди, қизиқувчиларнинг айримлари академиямизга келди. Шу боис, “Очиқ эшиклар куни”ни ташкил этишга қарор қилдик. Бу тадбирдан кўзланган яна бир мақсад – битирувчиларда, ёшларда Ватанга меҳр-муҳаббатни кучайтириш, уларга терговчи, прокурор фаолиятининг асосий мазмун-моҳиятини тушунтиришдан иборат. Шу билан бирга, академия имкониятлари, талабалар учун яратилган шароитлар кўрсатиб берилди. Танишув жараёнида иштирокчилар ушбу даргоҳ ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлди. Ўқишга киришни хоҳловчилар эндиликда қандай даргоҳни танлагани, эртага ким бўлиб етишиб чиқиши ҳақида маълумотга эга бўлди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/vryIKRRWOZk" title="Huquqni muhofaza qilish akademiyasida “Ochiq eshiklar kuni” oʻtkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Академияга қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.
Муҳими, академиянинг “Тергов фаолияти” йўналиши бўйича битирувчилари ваколатли давлат органларига хизматга қабул қилинганда фақат офицерлар таркибига кирувчи ёки даражали унвон берилиши кўзда тутилган лавозимларга тайинланади.
– Академия бакалавриатида барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тергов ва суриштирув органлари учун кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган, – деди Академия ахборот хизмати раҳбари Санобар Мансурова. – Таълим олиш муддати уч йил, дарс жараёнлари ўзбек ва рус тилларида амалга оширилади. Битирувчиларга давлат намунасидаги дипломлар топширилади. Уч йил давомида таҳсил олган талабаларнинг барчаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда иш билан таъминланади. Чунки қабул пайти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун (ҳудудлар кесимида) зарур кадрлар рўйхатига эътибор қаратилади. Қолаверса, ўқув жараёни амалиёт билан узвий уйғун ҳолда олиб борилади. Яъни, биз кўпинча кузатганмиз, таълим ва амалиёт ўртасида доим катта фарқ бўлган. Битирувчилар амалиётга киришиб кетишга қийналган. Шунинг учун ҳам академияда ўқув модуллари шундай тузилганки, бу жараёнга назариячи олимлар билан бирга амалий тажрибага эга бўлган мутахассислар жалб қилинган.
Тергов ва прокуратура соҳаси учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими билан яқиндан таништириш мақсадида меҳмонлар учун Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида экскурсия ташкил этилди.
Тадбир давомида академиянинг махсус полигонида иштирокчилар тергов-криминалистика тактикалари ва методикаларини амалий қўллаш имитациясида, шунингдек, воқеа жойини кўздан кечириш ва жиноятни очишга оид қизиқарли квест мусобақасида иштирок этди. Ушбу синовда ғолиб бўлган зукко ва билимдон ёшларга эсдалик совғалари топширилди.
Экскурсия давомида меҳмонлар криминалистика хонаси, суд имитацияси хонаси, экспертиза лабораторияси ва бошқа амалий ҳамда вазиятли машғулотлар ўтказиш учун махсус жиҳозланган хоналарни кўздан кечирди.
Республикамизда биринчи бўлиб ташкил этилган академия DarkWeb киберлабораторияси, шунингдек, тергов жараёнларида полиграф (детектор) технологияларини қўллаш, шунингдек, мобиль криминалистик автолаборатория имкониятлари имкониятлари ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Иштирокчилар ўқув дастурлари, бакалавриатга кириш ва таҳсил олиш тартибига оид саволларига мутахассислардан атрофлича жавоб олди.
Норгул Абдураимова, Дониёр Якубов (видео), ЎзА мухбирлари.