Ҳуқуқий саводхонлик давр талаби
Ўрта Чирчиқ туман адлия бўлими томонидан Қурбон ҳайити байрам муносабати билан “Инсон қадрини улуғлаш – энг олий саодат” шиори остида “Адлия сайли” тадбири ўтказилди. Унда вилоят адлия бошқармаси, туман Адлия бўлими масъуллари, нуронийлар жамияти, туман ҳокимлиги хотин қизлар бўлими вакиллари, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари, туман маданият бўлими ижодкорлари ва бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар ходимлари қатнашди.
Мақсад фуқароларга байрам олди кўтаринки кайфият улашиш билан бир қаторда уларга ҳуқуқий-амалий ёрдам кўрсатиш, бепул тиббий кўрикдан ўтказишдир. Ушбу тадбирда 100 нафарга яқин фуқаролар ўзларининг турли мавзулардаги мурожаатларини баён қилди.

Шундан 20 га яқин фуқаронинг никоҳлари қонуний расмийлаштирилди, 15 га яқин фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва 30 га яқин фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари амалга оширилган бўлса, 30 яқин фуқароларга давлат хизматлари кўрсатилди. Айрим мурожаатларни қайта ўрганиш учун адлия бўлими ўз иш юритувга қабул қилиб олди. Айниқса, шаръий яшаётган айрим фуқароларнинг никоҳи ФҲДЁ органларида қонун билан расмийлаштирилди.

– Тадбирда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтарига” киритилган фуқароларнинг мурожаатлари ҳам назоратга олинди. Бу каби саъй-ҳаракатлар орқали биз аҳолига Адлия органлари ҳамиша улар билан бирга эканини ҳис этишларига кўмаклашамиз. Ташкилотмиз томонидан ўтган 5 ой давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 101 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 70 таси қаноатлантирилган, 31 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Шунингдек, бўлим томонидан тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Фуқаролик ишлар бўйича Ўрта Чирчиқ туманлараро судига 17 та даъво аризалари киритилди. Натижада Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши таъминланди, – дейди, Ўрта Чирчиқ туман Адлия бўлими бошлиғи Баҳриддин Жўраев.

Бу галги Адлия сайлида ёшлар ва имконияти чекланган шахсларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, меҳнат муносабатлари, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Аҳолининг маънавий-маданий дам олишига кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/6tPXauwYfOw?si=LCVyGlDDpwrZhh-B" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Мусаев,ЎзА.