Ўзбекистон – Россия: энергетика ҳамкорлиги– узоқ муддатли геосиёсий ва иқтисодий иттифоқчилик стратегияси
ХХI асрнинг учинчи ўн йиллиги глобал геосиёсий майдонда ва иқтисодий муносабатлар тизимида жиддий трансформация даври сифатида кечмоқда. Ушбу ўзгаришлар марказида турган долзарб масалалардан бири, шубҳасиз, энергетика хавфсизлиги ва ресурслар интеграциясидир.
Марказий Осиёнинг демографик ва иқтисодий жиҳатдан энг жадал ривожланаётган давлати – Ўзбекистон Республикаси ҳамда глобал энергия бозори етакчиси Россия Федерацияси ўртасидаги энергетика ҳамкорлиги икки томонлама муносабатдан узоқ муддатли, юқори технологияли ва стратегик иттифоқчилик хусусиятига эга янги даврга ўтмоқда.
Шу кунларда икки мамлакат ўртасида энергетика йўналишида яна бир йирик лойиҳага тамал тоши қўйилди. Бу муҳим воқелик жуда кўп маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан таҳлил қилиниб, вазиятга асосан ижобий муносабат билдирилмоқда. Тошкент давлат Шарқшунослик университети Халқаро муносабатлар кафедраси доктаранти Муқаддас Ҳожимуродова ҳам шу ҳақдаги фикр-мулоҳазаси билан ўртоқлашди.
– Сўнгги йилларда икки давлат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасидаги олий даражадаги мулоқотлар, имзоланган стратегик келишувлар ҳамда ҳукуматлараро комиссиялар доирасидаги тизимли ишлар ушбу соҳани бутунлай янги босқичга олиб чиқди. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия энергетика вазирликлари, “Gazprom”, “Lukoyl”, “Rosatom” каби гигант-компаниялар ҳамда “VEB.RF” ва “Gazprombank” каби йирик молиявий институтлар иштирокида углеводород қазиб олиш, трансчегаравий етказиб бериш, рақамлаштириш ва энг асосийси – тинчлик мақсадига йўналтирилган атом энергетикаси бўйича стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Углеводород сектори: анъанавий ҳамкорликнинг янги суръати
Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги энергетик алоқалар анъанавий равишда нефть ва газ саноатига таянади. Россиянинг “Lukoyl” ва “Gazprom” компаниялари кўп йилдан буён республикамиз ҳудудидаги энг йирик инвесторлар қаторида туради. Хусусан, “Lukoyl” Қандим конлар гуруҳи, Ҳаунзак-Шоди ва Қўнғирот мажмуаларида амалга ошираётган кўп миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари мамлакатимизда табиий газни қазиб олиш ва қайта ишлаш қувватини тубдан оширди.
Сўнгги йилларда минтақада ички истеъмол кескин кўпайиши, урбанизация даражаси юқорилиги ва саноат ишлаб чиқариш жадал кенгайиши иқтисодиётимиз олдига энергия ресурсларини диверсификация қилиш ва трансчегаравий импорт тизимини такомиллаштириш вазифасини қўйди. Шу аснода “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали Россия табиий газини Ўзбекистонга тескари (реверс) режимда етказиб бериш йўлга қўйилди. Бу лойиҳа республикамизнинг оғир қишки мавсумда ҳам ички бозорда энергетика барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ва саноат тармоғини узлуксиз ресурс билан таъминлаш қобилиятини кафолатлади.
Шунингдек, ҳамкорлик фақат хом ашё етказиб бериш билан чекланиб қолмай, соҳани чуқур трансформация қилиш ва рақамлаштириш босқичига ўтган. Россиянинг “ИКС Холдинг” компанияси кўмагида Ўзбекистон энергетика саноатини рақамлаштиришнинг ягона концепцияси ишлаб чиқилмоқда. Бу тармоқда йўқотишни камайтириш, бошқарув самарадорлигини ошириш ва интеллектуал энергия тизимини жорий этиш имконини беради.
Ўзбекистон энергетика тарихидаги бурилиш нуқтаси ва АЭС қурилиши
Ўзбекистон ва Россия энергетика стратегиясининг чўққиси, икки томонлама муносабатнинг мутлақо янги интеллектуал-технологик босқичга кўтарилиши рамзи атом энергетикаси ҳамкорлигидир. Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига амалга оширилган олий даражадаги ташриф доирасида Президентлар Мирзиёев ва Путин мамлакатимизда интеграциялашган атом электр станцияси (АЭС) биринчи энергия мажмуасини қуриш ишига расман старт берди.
Ушбу тарихий маросимда телекўприк орқали Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАEА) бош директори Рафаэль Гросси ҳам иштирок этди. Бу ҳолат лойиҳанинг нафақат икки томонлама, балки халқаро миқёсда қатъий назорат остида ва глобал хавфсизлик талабига мос равишда амалга оширилаётганидан далолат. Маросимда сўзга чиққан давлатимиз раҳбари бу кунни мамлакат ҳаётидаги тарихий воқеа деб атади. Ўзбекистон иқтисодиёти ва аҳоли сони ўсиш суръати яқин йилларда электр энергиясига талабни бир неча баробар ошириши башорат қилинмоқда. Анъанавий иссиқлик электр станциялари (кўмир ва газ) ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари (қуёш ва шамол) эҳтиёжни тўлиқ, барқарор ва базавий режимда қоплаш учун етарли эмас. Қуёш ва шамол энергетикаси табиат инжиқлигига боғлиқ, атом энергетикаси 24/7 режимида узлуксиз кафолатланган қувват берувчи бугунги кундаги ягона “яшил” манба ҳисобланади. Шу сабабли, Россия технологияси асосида барпо этилаётган АЭС юртимизнинг келгуси ўн йилликлардаги энергетик мустақиллиги ва хавфсизлиги таянчи бўлади.
Соҳа мутахассислари мазкур лойиҳа кичик модулли атом генерацияси ҳамда йирик ҳажмли энергетика соҳасидаги энг сўнгги ютуқларни мужассамлаштирганини эътироф этмоқда.
“Ўзатом” агентлиги раҳбарияти маълумотига кўра, умумий қиймати 9,5 миллиард долларлик мазкур лойиҳани молиялаштириш асосан кредит ресурслари жалб этиш орқали амалга оширилади. Бу жараёнда халқаро молиявий институтлар ва хорижий ҳамкорлар иштироки ҳам кўзда тутилган.
Объектни барпо этишда хавфсизлик масаласи мутлақ ва сўзсиз шарт этиб белгиланган. Станцияни қуриш ва эксплуатацияга тайёрлаш энг замонавий халқаро стандарт, илғор муҳандислик ечими, масалан 3+ авлоддаги хавфсизлик тизими асосида ҳамда ХАЭАнинг доимий ва қатъий назорати остида бажарилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон уран қазиб олиш ҳажми бўйича дунёда 5-ўринда, уран захираси бўйича 10-ўринда туради. Демак, мамлакат хом ашё занжирида ҳам мустақиллик таъминланади ва лойиҳа ҳар икки томон учун ўзаро манфаатли иқтисодий рентабеллик ҳосил қилади.
Ҳамкорликнинг саноат ва илмий-ижтимоий трансформацияга таъсири
Россия ва Ўзбекистон энергетика ҳамкорлигининг мазмун-моҳияти фақат мегаватт ёки миллиард кубометр билан ўлчанмайди. Бу ҳамкорлик республика ичида бутун бошли юқори технологияли янги тармоқ, илмий мактаб ва муҳандислар авлоди шаклланишига туртки бериши кутиляпти. АЭС лойиҳаси ва рақамлаштириш дастурлари юзлаб турдош тармоқлар – металлургия, қурилиш материаллари ва кимё саноати, юқори кучланишли ускуна ишлаб чиқаришни янги сифат босқичига кўтаради.
Кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам ушбу стратегиянинг ажралмас қисмидир. Тошкентда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган Россиянинг дунёга машҳур Миллий ядро тадқиқотлари университети филиали юзлаб талабалари ядро физикаси, атом энергетикаси ва юқори технология йўналишида таълим олмоқда. Жуда кўп мутахассисларимиз Россиянинг амалдаги объектларида малака оширмоқда. Бу Ўзбекистонда интеллектуал капитал кескин ўсиши, мамлакат минтақавий илмий-техник хабга айланишигаровидир.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва РФ энергетика ҳамкорлиги бугунги кунда шунчаки тижорий битимлар йиғиндиси эмас, балки узоқ муддатли геосиёсий ва иқтисодий иттифоқчилик стратегиясидир. Газ қувури тизими реверсив ишга туширилишидан тортиб, 9,5 миллиард долларлик АЭС қурилиши бошланишигача бўлган йўл икки давлатнинг ўзаро ишончи ва прагматик манфаатлар уйғунлиги ҳосиласидир. Мазкур шериклик Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишини таъминлаш, аҳолини арзон ва узлуксиз энергия билан кафолатлаш ҳамда мамлакатни индустриал-инновацион давлатга айлантириш йўлидаги энг муҳим ташқи омилдир. Россия билан ушбу соҳадаги кенг қамровли шериклик келгуси ўн йилликларда ҳам минтақавий барқарорлик ва тараққиётнинг муҳим шарти бўлиб қолаверади.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди.