Ҳунармандларимизнинг маҳсулотлари Хитой савдо нуқталарига етказиб берилади
Пойтахтимизда “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Р.Мирзааҳмедов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитасининг Хитой Халқ Республикасидаги расмий вакили Чи Лу ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ҳунармандларининг маҳсулотларини Хитой Халқ Республикасининг учта шаҳридаги савдо нуқталарига етказиб бериш, Хитойда ўтказиладиган дизайнерлар тадбирларида Ўзбекистондан экспертларни ҳакамлар ҳайъати таркибига жалб этиш, музейлар йўналишидаги мутахассисларни халқаро тадбирларга таклиф қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ташкил этиладиган тадбирларга Хитой компанияларини жалб этиш, қўшма намойишлар ташкил этиш, ҳунармандчилик маҳсулотларини замонавий талаблар асосида қадоқлаш ҳамда бошқа истиқболли йўналишларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Қайд этилганидек, мазкур келишувлар Ўзбекистон ҳунармандчилиги салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, миллий маҳсулотларни хорижий бозорларга олиб чиқиш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги маданий-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА