"Ҳукумат соати": Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири депутатларнинг саволларига жавоб берди
Бугунги кунда мамлакатимизда 1,6 миллиондан зиёд хонадондан иборат 46 мингдан ортиқ кўп квартирали уй-жой мавжуд. Мазкур уйларнинг 42 мингдан ортиғига бошқарув сервис компаниялари, 700 дан зиёдига уй-жой мулкдорлари ширкатлари, қолган қисмига эса бошқа бошқарув шакллари орқали хизмат кўрсатилмоқда. Соҳада хизмат сифатини ошириш, кўп квартирали уй-жойлар бошқарув компаниялари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш аҳолига самарали хизмат кўрсатилишида муҳим омил ҳисобланади.
Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги “Ҳукумат соати”да кўп квартирали уй-жой фондини самарали бошқариш ҳамда аҳолини сифатли коммунал хизматлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш.Ҳидоятов депутатларнинг саволларига жавоб берди.
Ахборотда қайд этилганидек, кўп квартирали уйларда мулкдорлар томонидан тўланадиган мажбурий тўловларнинг мақсадли сарфланиши, бошқарув органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва молиявий шаффофлигини таъминлаш соҳадаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги 48-сон қарорида 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2027 йилдан бошлаб барча ҳудудларда кўп квартирали уйларда уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишларини ташаббус қилиш, шартномалар тузиш, бошқарувчилар томонидан ҳисоботлар тақдим этиш фақат биллинг тизими орқали амалга оширилиши белгиланди.
Ҳозирда мазкур онлайн йиғилишларни ягона тартиб асосида ўтказиш мақсадида умумий йиғилиш баёнининг намунавий шакли ишлаб чиқилди ва биллинг тизимига жойлаштирилди. Бу тизим орқали ҳар бир кўп квартирали уй бўйича тушум ва харажатлар, бажарилган ишлар, қарздорлик, мурожаатлар ҳамда уларнинг ижроси ҳақидаги маълумотларни онлайн кузатиш имконияти яратилган.
“Турар жой” миллий идоралараро платформаси орқали уй-жойларнинг техник ҳолати ўрганилиб, кўп квартирали уйларнинг ҳолатини тоифаларга ажратиш, улар бўйича зарур таъмирлаш ва тиклаш ишларини режалаштириш механизми шакллантирилмоқда.

Ахборотда келтирилганидек, энергия самарадорлигини ошириш, хорижий тажриба асосида кўп квартирали уйларни иссиқлик жиҳатдан самарали сақлаш, фасадларни замонавий материаллар билан қоплаш, энергия тежовчи ускуналардан фойдаланиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2024-2026 йилларда қарийб 1,8 мингга яқин уйнинг фасадлари базальт материаллари билан қопланган.
Кўп квартирали уйлар атрофини ободонлаштириш, болалар майдончалари, пиёдалар йўлаклари, суғориш тармоқлари ва жамоат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда бу мақсадлар учун 520 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудларида “яшил боғ”ларни ташкил этиш бўйича 54 та туман, шаҳар кенгашлари қарорлари билан ер майдонлари белгиланди. Экилган дарахт ва буталар “яшил боғ”ларни ташкил этган пудрат ташкилоти томонидан парвариш қилиниши тўлиқ йўлга қўйилган.
Муҳокамаларда депутатлар, сиёсий партиялар фракциялари аъзолари соҳадаги долзарб масалалар юзасидан бир қатор таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, бошқарув сервис компаниялари ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш, хизмат сифати паст бўлган компанияларни бозор механизмлари орқали саралаш, бюджет маблағлари ҳисобидан қуриладиган ижтимоий соҳа объектларини лойиҳалашдаги камчиликларни бартараф этиш, уйлар атрофида хавфсиз болалар ҳамда спорт майдончаларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кўп қаватли уйларда яшаётган кекса фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болали оилалар учун лифтларнинг узлуксиз ҳамда хавфсиз ишлашини таъминлаш масалалари илгари сурилди.
Шунингдек, кўп квартирали уйлар атрофида экилаётган дарахт ва бута кўчатларининг сақланиб қолиши, уларни суғориш ва парваришлаш ишлари устидан доимий назоратни таъминлаш билан боғлиқ масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, нобуд бўлган кўчатларни қайта экиш учун масъул ташкилотларнинг жавобгарлигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
“Ҳукумат соати”да билдирилган таклифлар соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, бошқарув тизимини янада такомиллаштириш ва аҳолига кўрсатилаётган коммунал хизматлар сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди. Соҳада белгиланган вазифалар ижроси устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА