Молия вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, Ташаббусли бюджет лойиҳасига таклиф бериш жараёнининг февраль ойидаги босқичи доирасида фуқаролар томонидан берилган овозлар сони 5 миллиондан ошди.
Жорий йилда жами 69,7 мингта таклифлар берилган бўлиб, шундан 40 мингдан ортиғи ишчи комиссия томонидан овоз бериш жараёнига ўтказилган.
Ҳозирда овоз бериш жараёни ҳудудларда қизғин давом этмоқда. Хусусан, мамлакатимизнинг олис ва алоқа хизмати яхши ривожланмаган ҳудудларида фуқаролар учун овоз бериш ярмаркалари ташкил этилмоқда. Жараён якунланишига 5 кун қолди.
Бюджет маблағларининг сарфланишида сизнинг иштирокингиз жуда муҳим.
Ушбу имкониятдан фойдаланган ҳолда ўз ташаббусингизга овоз тўпланг ва ғолиб бўлинг. Алоҳида таъкидлаб ўтамиз, «ҳудудни ривожлантириш», «камчиликларни бартараф этиш» ёки «аҳолига қулай шарт-шароит яратиш» каби таклифлар муаммо тўлиқ баён қилинмаган ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган лойиҳага аниқлик киритилмаган деб топилишига асос бўлади.
Ташаббусли бюджет жараёнида вилоятлар кесимида овозлар сони бир-биридан кескин фарқ қилади. Энг кам овоз Тошкент шаҳрида. Буни кўргач, «пойтахт аҳолисида ҳеч қандай муаммо йўқ бўлса керак-да», деган тушунча пайдо бўлади. Яна бир жиҳат, республика бўйича овозларнинг 17 фоизидан ортиқроқ қисми Фарғона вилоятига тўғри келади.
Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Сирдарё вилоятларининг овозлари жамланса ҳам Фарғонадаги овозлар сонидан камроқни ташкил этади. Андижондаги овозлар ён қўшниси Намангандан икки баробар кам. Бу билан бошқа ҳудудларда муаммо йўқ, Фарғонада кўп дегани эмас.
Мисол учун, ҳудудлардаги қишлоқ аҳолиси ичимлик суви йўқлиги, йўллар таъмирга муҳтожлиги, мактаблар талабга жавоб бермаслиги каби кўплаб муаммоларини айтишади. Уларга Молия вазирлиги «Очиқ бюджет» порталида Ташаббусли бюджет бўйича овоз бериш бошланганини, у орқали фуқаролар инфратузилмани яхшилаш, хиёбонлар, болалар ва спорт майдончалари, ички йўлларни қуриш, мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг тақсимланишида иштирок этишлари мумкин.
2022 йил учун «Ташаббусли бюджет» лойиҳасига 1 трлн. сўм маблағ ажратилган.
2022 йилда лойиҳа икки бор ўтказилади. Иккинчиси 15 августдан 15 сентябргача ўтказилиши режа қилинган. Лойиҳа ҳақида қисқача маълумот. Молия вазирлиги июль ойида янгиланган «Очиқ бюджет» портали (Openbudget.uz)ни ишга туширган.
Шаҳноза Маматуропова,ЎзА