Автомобиль йўллари миллий иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, иш кўлами ва сифати ошириб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, йўл хўжалиги тизими янада такомиллаштирилди. Хусусан, лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация учун масъуллар аниқ белгилаб қўйилди, буюртмачи ва пудратчи функциялари бир-биридан ажратилди. Йўлларни илмга асосланиб, замонавий ёндашувлар асосида қуришга эътибор кучайди.
Ҳудудларда йўл инфратузилмасини ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Автомобиль йўллари қўмитаси матбуот хизмати маълумотларига кўра, Президентимизнинг 2023 йилда Сурхондарёга қилган ташрифи давомида масъулларга вилоятнинг еттита туманидан кесиб ўтувчи давлат аҳамиятидаги 4Р100 “Мангузар қ.-Жарқўрғон ш.-Бандихон қ.-Олтинсой қ.-Денов ш.” автомобиль йўлининг 11 – 126-километрлари оралиғини таъмирлаш топшириғи берилган бўлиб, унинг ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилояти Автомобиль йўллари Бош бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги корхоналар томонидан кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.
Хусусан, айни кунларда Музработ туман Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси томонидан ушбу йўлнинг 49 – 64-километрлари оралиғидаги эски асфальт қопламаси қўпорилиб, унинг ўрнига қум-шағал аралашмаси тўшалиб, зичлаш ва асфальтга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўнлаб махсус техника ҳамда ишчи-ходимлар иштирокидаги жараёнлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Маълумки, Бойсун тоғли маскан саналади. Шу боис ҳам ҳудудда тез-тез ва кучли ёғингарчиликлар, табиий офатлар кузатилади. Ҳудудда ушбу жараёнлар салбий оқибатлар келтириб чиқаришининг олдини олиш ва бартараф этиш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ушбу жараёнга Бойсун туман Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Айни мақсад ҳамда 2024 йилги “Табиий офат оқибатларини бартараф этиш” дастурига асосан шу кунларда корхона ишчи-ходимлари томонидан Давлат аҳамиятидаги 4Р105 б) “Дарбанд қ.-Бойсун ш.-Элбаён қ.” (Сайроб қишлоғига) автомобиль йўлида табиий офат юз бериши натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бу билан мазкур автомобиль йўлидан ўтувчи ҳайдовчи ва йўловчилар, маҳаллий аҳоли ҳамда меҳмонларга қулайлик яратиляпти.
“Ташаббусли бюджет” орқали катта умидлар билан ўз таклифини илгари сурган Бухоро вилоятининг Вобкент тумани “Шакаркент” МФЙ аҳолиси овоз тўплаш жараёнида анча фаоллик кўрсатди. Қишлоқларнинг ички 2,3 километр масофаси давлат бюджетидан янгидан асфальт бўлишини ким ҳам хоҳламайди дейсиз. Бугунги кунда туман аҳолиси учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, инфратузилма ҳолатини яхшилаш борасида Вобкент туманида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда.
“Ташаббусли бюджет” жараёни орқали 3 минг 500 та овоз йиғилиши натижасида 2350 метр масофадаги ушбу маҳалланинг Оғаре, Калтарабод ва Роме қишлоқлари ички йўллари асфальтлаштирилади. Шу билан бирга, Шофиркон туман Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси томонидан жорий йил ёғингарчилик мавсумида корхона балансидаги 4N 246 “Болтабоев.қ — Қинғиртепа.қ — Чуқур.қ” автомобиль йўлининг (14— 20) км лари оралиғида табиий офат натижасида юзага келган муаммолар бартараф этилиб, тўлиқ асфальтлаштирилди.
Шунингдек, жойларда куз ва қишки мавсумга тайёргарлик ишлари авжида. Республикамиз ҳудудидаги автомобиль йўллари тармоғини сақлаш, йўл ва ундаги сунъий иншоотларнинг узоқ муддат хизмат қилиши ҳамда автомобиль транспортининг хавфсиз ҳаракатланиши учун юк автомобилларининг вазн параметрларини назорат қилиш бўйича Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан транспорт воситаларининг вазн параметрларини назорат қилиш пунктлари фаолияти йўлга қўйилган.
Жиззах Автомобиль йўллари Бош бошқармаси тасарруфидаги “Ўзйўлкўприк” кластерининг Жиззах филиали томонидан 4Р38 “М39 автойўли (962 км) Учтепа қ. – Жиззах ш. – Ғаллаорол қ. – М39 автойўли (1013 км)” автомобиль йўлининг 10 – 18-км оралиғида жорий таъмирлаш ишлари якунланди.
Наманган вилоятида давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўллар билан бир қаторда ички кўчаларнинг равон бўлиши ҳамда аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида бир қанча амалий ишлар бажарилмоқда. Хусусан, Наманган туман Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси йўлсозлари томонидан туманнинг “Шўрқўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган Янгиобод кўчасининг 735 метр қисмида асфальт босилиб, жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Транспорт назорати инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси филиали, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ ЙҲХБ ва Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари Бош бошқармаси билан ҳамкорликда юк транспорт воситаларининг автомобиль йўлларида белгиланган меъёрдан ортиқ юклама билан ҳаракатланишига қарши назорат-рейд тадбирлари олиб борилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш керакки, тегишли қонунчиликка асосан катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида ташишда меъёрлар белгиланган. Мазкур меъёрлардан ортиқча юк билан ҳаракатланиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади ҳамда транспорт воситаси сақлаш учун вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин.
Ҳудудларда йўлларни ободонлаштириш ишлари давом этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА