Ҳудудларда янги боғлар кўпаймоқда
Шу кунларда Тошкент вилояти бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси баҳорги мавсуми бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.
Хусусан, Оҳангарон туманида ҳам мазкур саъй-ҳаракатлар доирасида амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди. Ушбу тадбир орқали журналистлар ва блогерлар ҳудуддаги кўкаламзорлаштириш ишларини бевосита жойига чиққан ҳолда кузатиш имкониятига эга бўлди.

Мутахассислар таъкидлашича, “Яшил макон” лойиҳасининг 2026 йил баҳорги мавсуми учун Оҳангарон туманида 491 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш режалаштирилган эди. Амалда эса бу кўрсаткич ортиғи билан бажарилиб, бугунги кунгача жойларда жами 557 минг туп дарахт кўчатлари ўтқазилди.

– Экилган кўчатларни мунтазам парвариш қилиш мақсадида, ҳудудларда зарур инфратузилма ишлари ҳам амалга оширилди, – дейди Оҳангарон тумани Экология бўлими бошлиғи Ботир Даданов. – Хусусан, 20 та тик қудуқ қазилиб, сув чиқарилди, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш учун замонавий томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Бу эса кўчатларнинг барқарор ўсиши ва парваришини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари А-373 магистраль йўли бўйлаб барпо этилган “яшил боғ”лар билан ҳам танишди. Мазкур ҳудудларда республика, вилоят ва туман миқёсидаги ташкилотлар томонидан ўзларига бириктирилган майдонларда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилиб, янги яшил ҳудудлар яратилган. Бу боғлар нафақат экологик муҳитни яхшилаш, балки йўл атрофига янада кўркам қиёфа бағишлашга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида соҳадаги масъул мутасаддилар, экологлар ва лойиҳа ижрочилари иштирокида интервьюлар ташкил қилиниб, амалга оширилаётган ишлар, келгуси режалар ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича белгиланган вазифалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, Шодмалик маҳалласи ҳудудида кенг кўламли кўчат экиш акцияси ташкил этилди. Мазкур тадбирда туман ҳокимлиги масъул ходимлари, нуронийлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди. Ҳамжиҳатлик ва кўтаринки кайфиятда ўтган ушбу акция давомида ҳудудда янги яшил боғ барпо этилди.
Тадбир давомида сўзга чиққан туман ҳокими Баҳром Норқобилов “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг мазмун-моҳиятига тўхталиб, унинг асосий мақсади табиатни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришларининг салбий таъсирини юмшатиш ҳамда келажак авлод учун соғлом экологик муҳит яратишдан иборат эканини таъкидлади. Шу билан бирга, барча фуқароларни бундай хайрия ва ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этишга чақирди.
Акция доирасида иштирокчилар томонидан турли манзарали дарахт кўчатлари экилиб, ҳудуднинг яшил қиёфаси янада бойитилди. Барпо этилган боғни мунтазам суғориб бориш мақсадида, махсус тик қудуқ қазилди. Шундан сўнг кўчатларни суғориш ишлари йўлга қўйилди.
Тадбир якунида ҳашар иштирокчилари учун дастурхон ёзилиб, миллий таомлар тортилди. Бу эса аҳиллик ва ҳамжиҳатлик руҳини янада мустаҳкамлаб, тадбирга ўзига хос файз бағишлади.
А.Мусаев,ЎзА.