Ҳудудларда 14 та чиқиндиларни қайта юклаш станцияси қурилмоқда
Ҳозирги кунда чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, санитар ҳолатни яхшилаш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда замонавий инфратузилмани ривожлантириш орқали чиқиндиларни самарали йиғиш ва қайта ишлаш тизимини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, мавжуд қонунчиликка асосан, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, чиқинди полигонларини тартибга келтириш, рекультивация қилиш ҳамда чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.
Келгусида ҳудудларда жами 14 та чиқиндиларни қайта юклаш станциясини барпо этиш режалаштирилган.
Жумладан, Андижон, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 2 тадан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ҳамда Хоразм вилоятларида 1 тадан станция қурилиши кўзда тутилган.

Айни пайтда мазкур объектларни қуриш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Хусусан, Андижон, Наманган, Фарғона ҳамда Сурхондарё вилоятларида қурилиш ишлари деярли якунланиб, якуний босқич ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этиш лозимки, чиқиндиларни қайта юклаш станцияси — бу санитар тозалаш корхоналари томонидан олиб келинган маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта юклашга мўлжалланган замонавий инфратузилма объектларидир. Ушбу станцияларда чиқиндилар махсус ускуналар ёрдамида зичланиб, йирик сиғимли контейнерларга жойланади ҳамда қайта ишлаш ёки утилизация (чиқинди ёқиш) заводларига юборилади.
Мазкур тизимни жорий этиш орқали санитария тозалаш корхоналарининг транспорт харажатлари камаяди, чиқинди полигонларига тушадиган юклама қисқаради.
Бундан ташқари чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилиш самарадорлиги ошади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА