Ҳудудлар озодалигини таъминлаётган ходимлар рағбатлантирилмоқда
Атроф-муҳит озодалигини таъминлаш, чиқиндиларни бошқариш ва ҳудудларни обод сақлашда санитар тозалаш ҳамда ободонлаштириш соҳаси ходимларининг меҳнати муҳим ўрин тутади. Уларнинг кундалик фаолиятини эътироф этиш ва самарали меҳнатини рағбатлантириш мақсадида республика бўйлаб ходимларга велосипедлар топширилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан ажратилган 100 дона велосипед республиканинг барча ҳудудларига тарқатилмоқда. Рағбатлантиришга узоқ йиллардан буён соҳада самарали меҳнат қилиб, табиатни асраш, чиқиндиларни бошқариш ва кўкаламзорлаштириш ишларида ташаббус кўрсатиб келаётган ходимлар муносиб кўрилди, дейилади агентлик маълумотида.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 6 нафар, Андижон вилоятида 9 нафар, Бухоро вилоятида 6 нафар, Навоий вилоятида 4 нафар, Самарқанд ва Фарғона вилоятларининг ҳар бирида 9 нафардан, Наманган вилоятида эса 8 нафар ходим велосипед билан рағбатлантирилди.
Ҳозирда республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ушбу йўналишда рағбатлантириш тадбирлари давом этмоқда.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА