Ҳудудий кенгаш аъзолари ўқитилди
Самарқандда вилоят коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгаши аъзолари иштирокида “Коррупцияга қарши назорат, жамоатчилик билан ҳамкорлик ва шаффофликни таъминлаш” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи билан ҳамкорликдаги “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган ўқувда иштирокчиларга коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси прокурори Темур Сафаров, медиа тадқиқотлар институти раҳбари, медиа эксперт Беруний Алимов ва бошқалар ҳудудий коррупцияга қарши курашиш кенгашларининг институционал ва ҳуқуқий асослари, ваколатлари, вазифалари ҳамда функциялари, миллий ва минтақавий даражадаги ҳамкорлик механизмлари, шаффофликни таъминлаш учун фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳақида машғулотлар ўтди.

Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда ҳудудий даражада юзага келадиган коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, давлат органлари ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, вазифаларни самарали тақсимлаш, фуқаролар мурожаатлари ва статистик маълумотлардан фойдаланиш ҳамда кенгашлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқдилар.
Алоҳида эътибор ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳисоботларини эшитиш, уларни дастлабки кўриб чиқиш, муҳокама қилиш ва натижалари бўйича тегишли чоралар белгилаш механизмларига қаратилди.
Шунингдек, коррупциявий хавф-хатарлар ва шаффофлик билан боғлиқ муаммоларни аниқлашда фуқаролар, фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчилик кенгашлари, ташаббускор гуруҳлар ҳамда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг амалий механизмлари, фуқаролар мурожаатлари, жамоатчилик фикрини ўрганиш, очиқ маълумотлардан фойдаланиш, журналистлар ва блогерлар билан самарали мулоқот ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди.

Амалий машғулотлар доирасида иштирокчилар давлат харидлари, манфаатлар тўқнашуви, ер ажратиш ва қурилиш соҳаларидаги шартли вазиятларни таҳлил қилиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарларнинг ортидаги эҳтимолий коррупциявий хавфларни аниқлаш, маълумотларни қўшимча текшириш, масъул идораларни белгилаш ва тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича тажриба алмашдилар.
– Мазкур тренинг ҳудудий коррупцияга қарши курашиш кенгашлари фаолиятини такомиллаштириш, идоралараро ҳамкорликни кучайтириш, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари билан конструктив мулоқотни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, ҳудудий кенгаш аъзоси Акрам Ҳайдаров. – Икки кунлик ўқув давомида қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар билан бирга, коррупцияга қарши курашиш борасида ҳудудий кенгашлар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида тушунчага эга бўлдик. Хусусан, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик, маълумотларни жамоатчиликка етказишнинг ўзига хос талаблари бўйича ҳуқуқшунос ва экспертлардан тавсиялар олдик.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири