Мамлакатимизда Давлат хизматлари марказларининг ташкил этилганлиги халқ ва давлат идоралари ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажариб, юртимизда қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратишга, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга ва давлат хизматлари кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда.
Олис ва чекка ҳудудларда марказ филиалларининг ташкил этилаётгани эса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаб, узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда. Уларга сифатли давлат хизматлари кўрсатилиши таъминлади.
«Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини Бўка туман марказидан 15 километр узоқликда жойлашган. Илгари ҳудуд аҳолиси давлат хизматларидан фойдаланиш учун ҳам шунча масофа йўл босиб, туман марказига боришга мажбур эди. Маҳалла фуқаролар йиғини биносида Давлат хизматлари маркази филиалининг очилгани бу муаммога чек қўйди.
Очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокимлик мутасаддилари, қишлоқ аҳли ва кенг жамоатчилик вакиллари филиалда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Филиалда барча қулайликлар мавжуд бўлиб, кенг ва ёруғ хизмат хонаси, хушмуомала ва самимий марказ ходими аҳоли хизматига шай.
— Марказ ходимлари томонидан маҳалламизда тез-тез сайёр давлат хизматлари кўрсатилади, — дейди «Бўстон» МФЙ раиси Саидраҳим Сайдуллаев. — “ДХМ-Маҳалла-Фуқаро” тамойили асосида давлат хизматларининг ҳар бир хонадонга кириб бориши, масофадан туриб электрон хизматлардан фойдаланишни кенгроқ тарғиб қилиш бўйича тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилмоқда. Энди хизматлардан фойдаланишимиз янада осонлашди. Мазкур филиал бўстонликлар билан бирга Чўлобод, Жўраобод, Кўкорол, Бўка ва Бахмал маҳаллаларида истиқомат қилувчи 16 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатади.
Маълумот учун Тошкент вилоятида Давлат хизматлари марказларининг филиаллари сони 8 тага етди.
А.Мусаев, ЎзА