Бухоро вилоятида ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида 2022 йилда 1 триллион 297 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Нарзулло Ҳамдамовнинг таъкидлашича, инвестиция дастури доирасида 897,2 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 138 та объектни янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. 23 та мактаб, 16 та мактабгача таълим муассасалари, 11 та тиббиёт, 2 та олий таълим, 4 та спорт объектлари, 16 та автомобиль йўллари, 4 та ичимлик сув ва оқава тизимлари, 2 та иссиқлик таъминоти, 13 та шаҳар ва туманлар марказлари, 3 та ҳуқуқни муҳофаза қилиш, 15 та саноат зоналари, 2 та туризм ва маданий мерос, 6 та бошқа объектлар, 9 та мелиорация ва 12 та ирригация иншоотлари шулар жумласидандир. Ҳозирги кунга қадар барча объектлар бўйича 840,1 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган.
Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати буюртмачилигида 2022 йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 392,9 миллиард сўмлик жами 68 та объектларда қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши белгиланган. Ҳозирги кунга қадар барча объектлар бўйича 379,5 миллиард сўмлик иш бажарилган. Ушбу объектларнинг 59 таси 2022 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 9 таси 2023 йилга ўтувчи ҳисобланади. Шунингдек, жами 58 та объектларда қурилиш-монтаж ишлари якунланган ҳамда фойдаланишга топширилган. Фақатгина, Бухоро тумани “Работак” маҳалла фуқаролар йиғинидаги тиббиёт бирлашмасини реконструкция қилиш объекти бўйича Давлат қабул ҳайъати далолатномаси расмийлаштирилмоқда.
Вилоятнинг Ғиждувон ва Қоракўл туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилмоқда. Мазкур 2 та массивларда жами 5 та ижтимоий соҳа объектлари қурилмоқда. Ҳозирда ушбу объектларда 22,7 миллиард сўмлик қурилиш монтаж ишлари бажарилган. Шунча миқдорда молиялаштирилган. Ушбу 5 та объектлар 2023 йилга ўтувчи бўлиб, жорий йилда фойдаланишга топширилади.
Зариф Комилов, ЎзА