2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган юзта мақсаддан бири –жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдир.
– Бунга тўлиқ эришиш учун эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги коррупциявий омилларни бартараф қилиш керак, – дейди адлия вазирининг ўринбосари Худоёр Мелиев. – Чунки ҳужжатлар коррупцияга йўл очиб берар экан, бу иллатни бартараф қилиб бўлмайди. Шу боис Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кундалик ҳаётини тартибга солувчи 800 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди.
Мазкур ҳужжатларнинг 224 тасида ёки 28 фоизида 650 дан ортиқ коррупциявий омиллар аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Аниқланган коррупциявий омилларнинг асосий қисми ҳужжатлар ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги, дискрецион ваколатларнинг кенглиги, маъмурий тартиб-таомилларнинг мавжуд эмаслиги ёки тўлиқ эмаслиги, ноаниқ ва асоссиз ҳаволалар келтирилгани билан боғлиқ.
Адлия вазирлиги томонидан давлат органларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида 40 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг юздан ортиқ ходимларини билим ва кўникмаси оширилди. Ушбу йўналишда тарғибот, конференция, семинар ва брифинглар ташкил қилинди.
Натижада жорий йилнинг биринчи ярмида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан 27 ҳужжатда 57, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 40 ҳужжатда 40, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан 11 ҳужжатда 37, Давлат солиқ қўмитаси томонидан 25 ҳужжатда 37 коррупциявий омил аниқланди. Уларни бартараф қилиш бўйича асослантирилган таклифлар берилди.
Мазкур йўналишдаги ишларни тизимли олиб бориш учун 2022 йилнинг бошида коррупциявий хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалардаги салкам 2 мингта норматив-ҳуқуқий ҳужжатни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш режаси тасдиқланди.
Шундан энг кўп ҳужжатлар тадбиркорлик ва хўжалик, молия, кредит ва банк, ташқи иқтисодий фаолият ва божхона иши, ижтимоий таъминот, ижтимоий суғурта ва ижтимоий ҳимоя соҳаларига тааллуқли бўлди.
Адлия вазирлигига юклатилган яна бир муҳим вазифа бу қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказишдир. 2021 йил 24 февралдан коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишнинг янги тартиби жорий қилинди – ишлаб чиқувчи томонидан чеклистни тўлдириш амалиёти йўлга қўйилди.
Натижада давлат органларининг ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертиза қилиш амалиётини мониторинг қилиш ва манзилли услубий ёрдам кўрсатиш имконияти яратилди.
Хусусан, 2021 йилда вазирлик томонидан ўтказилган 1 минг 820 ҳужжат лойиҳаси коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди. Ушбу даврда киритилган лойиҳаларнинг 39 фоизида чеклист тўлдирилмаган. Лойиҳаларнинг 13 фоизида 405 коррупциявий омил аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар берилди.
Қайд этиш лозимки, давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш фаолиятига ҳамон юзаки ёндашилмоқда.
Президентимиз томонидан Адлия вазирлигига ушбу соҳани мувофиқлаштириш бўйича берилган вазифа ва ваколатлардан келиб чиқиб белгиланган талабларга риоя қилмаётган давлат органлари ва ташкилотларига тегишли таъсир чоралари кўриб борилмоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Миллий стратегияга кўра жисмоний шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими жорий қилинмоқда. Эндиликда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 38 хизмат турини олиш учун электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Хулоса қилиб бир фикрни айтиш мумкинки, Ўзбекистон коррупцияга қарши кураш соҳасида амалий ишлар босқичига чиқди ва бу жараён узлуксиз давом этади.
Н.Абдураимова, ЎзА