Ҳожиакбар Шайхов: “Танланган асарлар”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Атоқли адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ўзбек илмий-бадиий фантастикаси асосчиларидан бири Ҳожиакбар Шайховнинг “Танланган асарлар” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан адибнинг “Туташ оламлар” ва “Икки жаҳон овораси” романлари, “Ғаройиб кўланка” қиссаси, шунингдек, бир қатор сара ҳикоялари жой олган.
Ҳожиакбар Шайхов ўзбек илмий-фантастик адабиётининг илк қалдирғочларидан эди. Албатта, бу йўналиш миллий адабиётимиз учун янгилик эмас, атоқли адабиётшунос Озод Шарофуддинов таъбири билан айтганда: “Ҳожиакбар Шайхов ҳали дунёга келмасидан олдин ҳам ўзбек адабиётида фантастика бор эди”.
Ҳазрат Алишер Навоий достонларининг ўзи бунга ёрқин далилдир.
Авваллари фантастик руҳ шоирлар асарларида ижоднинг бир унсури сифатида кўриниб келган бўлса, бу жараён XX асрга келиб янги босқичга чиқди.
Ўтган асрнинг 60 - йилларининг охири ва 70 - йилларнинг ибтидосидан бошлаб илмий-фантатика жанри ўзбек адабиётида ўз қонуниятларига, ўз хусусиятларига эга бўлган мутлақо мустақил жанр сифатида шакллана бошлади. Худди шу кезларда ўзбек адабиётида илмий-фантастика жанрининг баҳори бошланган эди. Шу баҳорни бошлаб келган қалдирғочлардан бири Ҳожиакбар Шайхов эди, деб ёзади устоз Озод Шарофиддинов.
Адабиёт – ақл ва хаёлот маҳсули. Фантастик асарнинг биз ўрганган, кўниккан бадиий асарлардан фарқи нимада?
Ҳожиакбар Шайхов асарларининг ўзга хослиги-чи, у нимада?
Хаёлот маҳсули бўлган фантастик асарнинг инсон ақли қабул қиладиган чек-чегараси борми?
Ҳожиакбар Шайхов илмий-фантастик асарлари тагзаминида миллий қадриятлар ётадими, ё?..
Бу саволларга жавоб топиш учун заҳматкаш адибнинг “Танланган асарлар”ини ўқиш керак бўлади.
Асарнинг тили равон. Руҳида бегоналик йўқ. Мана, бунга бир мисол: “Рутубатли қиш музларини эритиб, кўҳна Тошкентнинг Ҳазрати Имом даҳасига ҳам бутун юрт ҳудудлари қатори яшаш, яшариш, янгиланишни етаклаб Наврўзи олам кириб келди. Лекин неча минг йиллар муқаддам тупроғимизга илдиз қўйган қадимий урф кўпдан таъқиб қилинаётганини сингдира олмагандай, кечалари ҳамон совуқ, этни жунжиктирувчи шамоллар тинмайди. Кундузлари шаҳарни оппоқ ва қуюқ туман чулғаб олади-да, тушга яқин гўшангадан энди чиқиб келган соҳибжамол келинчакдай дилларни яйратиб, қуёш юз очади. Аммо бу қувонч узоққа чўзилмайди, сал ўтмай, унинг ҳароратсиз чеҳрасига яна қорамтир булутлар парда тортиб, қор аралаш ёмғир савалай бошлайди. Кейин тезда оқшом чўкиб, шаҳарнинг эски кўчалари ва синч уйларида бирин-кетин чироқлар милтиллайди”.
Кўрдингизми, тасвирлар, ундаги руҳ, ўзига хос жозиба қанчалар юракка яқин, самимий, ўзбекона...
Ҳожиакбар Шайховнинг “Танланган асарлар”ини ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА