Хотира ва аския кечаси
Марғилон шаҳридаги “Ижодкорлар боғи”да ўзбек миллий аския санъатининг таниқли намояндаларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, марҳум санъаткор Муҳаммадсиддиқ Шераев таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан катта аския кечаси бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Республика аския ва қизиқчилик санъати маркази, Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Марғилон шаҳар ҳокимлиги ташаббуси ва ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирнинг бош мақсади миллий қадриятларни асраб-авайлаш, аския ва қизиқчилик санъатининг бой анъаналарини кенг тарғиб этиш, уни ёш авлодга етказишдан иборатдир.
Муҳаммадсиддиқ Шераевнинг ўзбек миллий санъати, хусусан, аския мактаби ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, кўп йиллик ижодий фаолияти ва миллий кулги санъатини юксалтиришдаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.

Кеча давомида таниқли сўз усталари ва қизиқчилар Мирзабек Холмедов, Болтабой Тошматов, Валижон Шамшиев, мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган аскиячилар ва санъаткорлар долзарб мавзуларда маҳорат билан аския қилди.


“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси остида ўтаётган мустақилликнинг 35 йиллиги тантаналари олдидан мазкур аския кечаси ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА