Оиланинг мустаҳкамлигида эр-хотиннинг аҳиллиги ва ўзаро ҳурмати муҳим ўрин тутади. Афсуски, баъзида арзимас келишмовчиликлар сабаб муқаддас даргоҳга дарз кетмоқда.
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи Ўктам Назаров Нодирахон билан бир олам орзулар ила турмуш қуришган эди. Аммо вақт ўтгани сари улар ўртасида тез-тез жанжал чиқа бошлади. Турмуш ўртоғи кўп бор уйига кетиб қолар, яқинлари ўртага тушиб яраштириб қўйишарди. Оилада икки нафар фарзанд бўлса ҳам илиқлик бўлмади.
Ўктам таксичилик билан шуғулланар, воқеа рўй берган куни соат 20:00ларда уйига келганди. Иккиси оилавий келишмовчиликлар туфайли яна жанжаллашиб қолади. У вояга етмаган фарзандларининг кўз ўнгида ошхона столи устида турган чойнакдаги қайноқ чойни турмуш ўртоғининг баданига сепиб юбориб, ўта шафқатсизлик билан қасддан ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган. Бу пайтда қўрқувдан танг қотган норасида фарзандлар нигоҳини бир кўрсангиз эди... Бундай қабиҳлик уларнинг қалбига бир умр жароҳат бағишлади.
Суд тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, Н.Назаровада тан жароҳати мавжудлиги ва у кўп бўлган муддатга соғлиғини бузилишига олиб келувчи ўртача оғир шикастлар тоифасига кириши аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Суд жараёнида судланувчи ўз айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон бўлди. Турмуш ўртоғидан кечирим сўраб, қилган иши нотўғри эканлигини билдирган бўлса-да, энди кеч эди. Суд ҳукми билан Ўктам Назаровга уч йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинди. Жабрланувчи фойдасига 5 миллион сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.
М. Сулаймонов, ЎзА