Президентнинг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5938-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида маҳаллаларда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда сайёр қабуллар ўтказиб келиняпти. Галдаги манзил Юнусобод тумани бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди...
Юнусобод туман ҳокимияти, Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди, тумандаги Давлат хизматлари маркази, Адлия бўлими, Халқ қабулхонаси, ИИБ, ФҲДЁ, тиббиёт бирлашмаси, Бандликка кўмаклашиш маркази, МИБ, Халқ банки Юнусобод филиали, депутатлар кенгашининг масъулларидан иборат жами 12 та ташкилот ҳамкорлигида ўтказилаётган сайёр қабулда маҳаллалардаги ҳуқуқий кўмакка муҳтож хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш мақсад қилинган.
Хусусан, сайёр қабуллар Юнусобод туманидаги «Шарқ ҳақиқати», «Туркистон», «Нурмакон», «Уч қаҳрамон», «Янги ҳаёт», «Боғиерам», «Мурувват», «Юртобод», «Шоштепа», «Меҳнатобод», «Адолат», «Хусниобод», «Акбаробод», «Шахристон», «Янгиариқ», «Отчопар-2», «Боғибўстон», «Хиёбонтепа», «Матонат», «Мирзо Улуғбек», «Янги тарнов», «Уста Ширин», «Катта Хасанбой», «Янгибоғ», «Севинч», «Қадрдон» маҳаллаларида июль ойига қадар кетма-кетликда тартиб асосида ўтказилади.

Ҳуқуқий масалалар юзасидан муаммоларини тизимли ҳал этиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш учун Юнусобод тумандаги «Шарқ ҳақиқати» маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда хотин-қизлар ва «Темир дафтар»га киритилган аёллар мурожаатлари билан мутасаддиларга юзланишди.
— Қабул давомида хотин-қизлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар, хусусан, никоҳдан ажратиш, бола таъминоти учун алимент ундириш, уй-жой муаммолари, уйга киритиш, фойдаланиш тартибини белгилаш, меросхўр деб топган ҳолда меросдан улиш ажратиш, оталик ва туғилиш фактини белгилаш, шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш, нафақалар расмийлаштириш, даъво аризалар билан судга мурожаат қилиш тартиби каби қатор масалалар билан юзланишди. Аёлларига юқорида қайд этилган йўналишларда, яъни фуқаролик ишлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, - дейди фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Зулфия Нуралиева.
Сайёр қабулда аёлларнинг кўплаб масалалари ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, қабулдан сўнг тумандаги аёллар учун кўчма тиббий кўрик ҳам ташкиллаштирилди.