Адлия вазирлиги томонидан 1 августдан 30 августга қадар “Хотин-қизларга ҳуқуқий кўмак” ҳуқуқий акцияси бўлиб ўтмоқда. Унда “Адлия куни”, “Ҳуқуқий тарғибот куни” лойиҳалари доирасида олис ва чекка ҳудудларда сайёр қабуллар, хотин-қизлар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича ўрганишлар олиб борилиши кўзда тутилган.
Тошкент вилояти адлия бошқармаси, туман ва шаҳар адлия бўлимлари томонидан акция доирасида жойларда турли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Пискент туманидаги Оқтепа маҳалласида фаол хотин-қизлар билан учрашув ташкил этилди. Унда хотин-қизлар ҳуқуқлари, берилаётган имтиёзлар, гендер тенглик, сайлов масалалари юзасидан тегишли тушунтириш берилди.

– Ҳуқуқий акция доирасида жойларда ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда маҳаллаларда уйма-уй юриш, “Ҳуқуқий тарғибот куни” ва “Адлия куни” тадбирларини ўтказиш режа-графикларидан келиб чиқиб шу кунга қадар 22 та сайёр қабул ўтказилди, – дейди Тошкент вилояти адлия бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Эркин Дорипов. – Сайёр қабулларда 270 нафардан ортиқ хотин-қизларнинг қатнашиши таъминланди. 20 дан ортиқ мурожаатлар жойида ҳал этилди ва 13 нафар хотин-қизларнинг мурожаатлари адлия органлари иш юритувига қабул қилинди. Сайёр қабуллар давомида жисмоний ва юридик шахсларга 6 та нотариал хизматлари, 67 та турли хилдаги давлат хизматлари кўрсатилди.

Шунингдек, акция доирасида хотин-қизларга бепул онлайн курслар ташкил этилиб, бепул юридик ёрдам ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, Ҳудудларда бўш иш ўринлари учун меҳнат ярмаркаларини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Мулоқотлар давомида мутахассислар томонидан сайлов қонунчилиги, можаритар ва пропорционал сайлов тизими ҳақида ҳам батафсил тушунтирилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоблар берилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.