Хотин-қизларга давлат мукофотлари топширилди
Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади.
Андижон вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан, турли йўналишда фаолият юритаётган аёлларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларга юксак эҳтиром кўрсатилаётганлиги, улар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлигини таъкидлаб, давлатимиз раҳбарининг табригини ўқиб эшиттирди ҳамда мукофотларни ўз эгаларига топширди.

– Камтарона меҳнатларим эътироф этилиб, “Дўстлик” ордени билан тақдирланганимдан бошим кўкка етди. Ушбу мукофот нафақат менга, балки бутун вилоятимиз аёлларига берилган деб биламан. Бугун ана шу мукофотни кўксимга тақдим, қалбим фахр-ифтихорга тўлди. Бундан буён ҳам эътирофга муносиб бўлиш, юртимиз равнақи йўлида янада самарали меҳнат қилиш учун астойдил меҳнат қиламан, – дейди Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг органик деҳқончилик ва ўрмон мелиорацияси кафедраси профессори Гулчеҳра Ўринбоева.

Шунингдек, тадбирда вилоят ҳокими опа-сингилларимизни байрам билан муборакбод этиб, уларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида фидойилик билан меҳнат қилаётганликларини алоҳида эътироф этди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.