Хотин-қизлар инспекторлари учун ўқув семинари ўтказилди
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси биносида хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар учун амалий ўқув семинари бўлиб ўтди. Тадбирда Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи ҳамда вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизматининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг масъул ходимлари иштирок этишди.
Семинарда хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларнинг хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш, замонавий ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Иштирокчилар хизмат планшетларидан фойдаланиш, электрон маълумотлар базалари билан ишлаш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасида рақамли ечимларни жорий этиш бўйича амалий кўрсатмалар олдилар. Бу эса инспекторларга ўз вазифаларини янада тезкор ва самарали бажариш имконини беради.
Семинар давомида “Хавфсиз оила” ойлиги доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, оилавий низоларни эрта босқичда аниқлаш ва бартараф этиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

– Хотин-қизлар билан ишлашда нафақат ҳуқуқий билим, балки мулоқот маданияти, психологик ёндашув ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга, – дейди Сирдарё вилояти ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи майор Муҳаббат Хидиралиева. – Шу боис бундай тадбирлар тажриба алмашиш, илғор иш усулларини амалиётга жорий этишда катта аҳамият касб этади.
Семинар якунида инспекторлар фуқаролар билан мулоқотни янада самарали йўлга қўйиш, профилактик ишлар сифатини ошириш ва жамиятда хотин-қизлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатор таклифлар билдиришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири