Хотин-қизлар етакчилиги ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Кейинги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ишонч, очиқ мулоқот ва қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда парламентлараро ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги фаол иштирокини кенгайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббуслар минтақа давлатларини янада яқинлаштирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги учрашув мазмунан муҳим аҳамият касб этди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе билан музокара ўтказди.

Учрашувда Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон етакчи аёллари мулоқоти доирасида амалга оширилаётган ҳамкорлик ишлари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар мазкур мулоқот платформаси қисқа вақт ичида хотин-қизлар етакчилигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий ва ижтимоий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда долзарб минтақавий ташаббусларни илгари суришга хизмат қилаётган самарали майдонга айланганини алоҳида таъкидладилар.
Суҳбат чоғида мулоқотга раислик ваколати Ўзбекистон томонига ўтгани мамнуният билан қайд этилди. Шунингдек, ўтган йилги келишувлар асосида Сенат томонидан мулоқотнинг йиллик дастури ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Томонлар раислик муддатини икки йилга узайтириш ва доимий котибият фаолиятини йўлга қўйиш ташаббуслари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Бу эса платформанинг институционал асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашув давомида 2026 йил сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилаётган ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференциясига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий марказининг ушбу нуфузли анжуманда иштироки ҳамда “Ёшларнинг превентив дипломатиядаги ўрни” мавзусида сайд-ивент ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокараларда аёллар ва ёшларни турли зўравонлик ҳолатларидан ҳимоя қилиш, бу борада қўшма семинарлар ўтказиш, илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро тажриба алмашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мазкур йўналишларда тизимли ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.
Учрашув якунида Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда хотин-қизлар ва ёшларнинг фаол иштироки муҳим омил экани қайд этилди. Шунингдек, бундай мулоқотлар минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, умумий мақсад ва ташаббусларни биргаликда илгари суришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири