"Хотин-қизлар баланси" ижроси ўрганилди
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида хотин-қизларнинг ижтимоий ҳолати, эҳтиёжлари ва мавжуд муаммоларини аниқлашга қаратилган "Хотин-қизлар баланси"ни шакллантириш ишларининг бориши Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан атрофлича ўрганилди.
Туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий асосда кўриб чиқилиб, жараён самарадорлигини ошириш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.

Бугунги кунда туманда истиқомат қилаётган 40 минг 893 нафар хотин-қизнинг ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида анкета-сўров ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар 28 минг 194 нафар хотин-қиз қамраб олиниб, белгиланган режа 67 фоизга бажарилди.

Йиғилишда Республика ишчи гуруҳи аъзолари, туман штаби масъуллари, ҳамкор ташкилотлар ва маҳалла «еттилиги» иштирокида бажарилаётган ишлар таҳлил қилинди. Хотин-қизларнинг муаммоларини чуқур ўрганиш, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш, маълумотларни ишончли шакллантириш ҳамда жараённи белгиланган муддатларда сифатли якунлаш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳи аъзолари кўрсаткичлари нисбатан паст бўлган Боғистон ва Мирзо Улуғбек маҳаллаларида бўлиб, жойлардаги ишлар билан танишди. Хонадонбай ўрганишлар, анкета-сўровномаларнинг сифати ҳамда маълумотларни электрон базага киритиш жараёни таҳлил қилиниб, “Маҳалла еттилиги” аъзоларига амалий тавсия ва тегишли кўрсатмалар берилди.

Ташрифлар давомида хотин-қизларнинг мурожаатлари ҳам эътибор марказида бўлди. Жумладан, Боғистон маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногирони Дилдора Қаршиевани миома касаллиги бўйича вилоят шифохонасига даволанишга йўналтириш, II гуруҳ ногирони Гулнора Душаевани эса ревматизм касаллиги бўйича туман кўп тармоқли шифохонасида даволаш юзасидан тегишли чоралар белгиланди.

Ишчи гуруҳи Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмасида ҳам масъул ходимлар билан учрашув ўтказди. Унда “Хотин-қизлар баланси” доирасида тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар ҳақидаги маълумотларни тезкор алмашиш, тегишли ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этиш ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мирзо Улуғбек маҳалласидаги ўрганишлар давомида “Аёллар дафтари”га киритилган Й. Бурхонованинг хонадони ҳам кўздан кечирилди. Ўрганиш жараёнида унинг турмуш ўртоғи вафот этгани, тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ҳамда уй-жойи таъмирталаб экани аниқланди.

Мазкур хонадонни таъмирлаш учун “Аёллар дафтари” жамғармаси ҳисобидан 20 миллион 600 минг сўм маблағ ажратилгани, бироқ таъмирлаш ишлари суст кетаётгани қайд этилиб, жараённи жадаллаштириш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири