"Horseka Cup": Хуршидбек Алимжанов кумуш медаль соҳиби бўлди
"Horseka Cup" мусобақасида Хуршидбек Алимжанов тўсиқлардан сакраш (конкур) баҳсларида муваффақиятли иштирок этди.
Россия Федерациясининг Москва вилоятида жойлашган замонавий “Horseka Sport” от спорти мажмуасида тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналиши бўйича “Horseka Cup” халқаро мусобақалари бўлиб ўтди. Энг кучли чавандозлар иштирок этган мазкур нуфузли мусобақа юқори рақобат ва муросасиз баҳсларга бой кечди.
Қувонарлиси, мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Хуршидбек Алимжанов ҳам муносиб иштирок этди. Ҳамюртимиз «Чалоина» лақабли оти билан тўсиқлар баландлиги 125 сантиметр бўлган йўналишда барқарор ва ишончли чиқиш қилиб, якунда иккинчи ўринни эгаллади ҳамда мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди.
Мазкур натижа ўзбекистонлик чавандозларнинг халқаро мусобақаларда рақобатбардошлигини яна бир бор намоён этди. Айни пайтда мамлакатимизда от спортини ривожлантириш, халқаро тажриба тўплаш ва спортчиларнинг маҳоратини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бераётганини ушбу ютуқ ҳам тасдиқлайди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА