Хорижликлар Ангорда мева, сабзавот ва полиз етиштирмоқда (+видео)
Мамлакатимизда қулай инвестицион муҳит яратилгани чет эллик ишбилармонларнинг юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишида муҳим омил бўлмоқда.
Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида ҳам фойдаланилмай турган ер майдонларига маҳаллий ва хорижлик сармоядорлар катта қизиқиш билдириб, турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирмоқда.


Мўътадил иқлим ва унумдор тупроққа эга туманда ерларнинг ўзлаштирилиб, озиқ-овқат экинлари парваришланаётгани аҳоли бандлиги, бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлигини таъминлашга хизмат қилаётир. Ҳудуднинг инвестицион салоҳияти ўсиб, иқтисодиёти ривожланмоқда. Афғонистонлик Самадий Ғуломалий Юқори Таллимарон маҳалласи ҳудудидан 38 гектар ер майдонига 5,7 миллион доллар инвестиция киритиб, 11 гектарида мевали боғ барпо этди. 27 гектар майдонда сабзавот-полиз парваришлаб, унинг бир қисмини хорижга экспорт қилмоқда.
– 2017 йилдан буён шу ерда деҳқончилик қиламиз, – дейди “Qodir Shahb” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Самадий Ғуломалий. – 17 гектари боғ. Қолганида полиз-сабзавот парваришлаймиз. Қишда карам экдик. Қовун-тарвуз, маккажўхори, кўкат етиштиряпмиз. Боғда олма, олча, узум бор. Қовуннинг “Дакара”, “601” навларини экамиз. Бу ерда шу қовунлар яхши ҳосил беради. Экспортбоп. Шунинг учун ҳам шу уруғлар экилади.


Айни кунларда “Qodir Shahb” масъулияти чекланган жамияти беш нафар деҳқонни доимий иш билан таъминлаган. Мавсумда юзга яқин киши меҳнат қилади. Далада сабзавот-полиз пишиб, етилмоқда. Тадбиркор табиий қуёш нуридан тўйиниб, пишган озиқ-овқат маҳсулотларининг маҳаллий бозордан ортган қисмини хорижга экспорт қилишга ҳам пуҳта ҳозирлик кўрмоқда.


Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири