Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президент соврини учун ўтказилаётган «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танлови жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги раҳбарияти ва мутасаддилари иштирок этди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 2021/2022 ўқув йили давомида мактаблар ўртасида уч босқичли «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» танлови ташкил этилди.
Президент соврини учун Халқ таълими вазирлиги ҳамда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги томонидан 14-16 ёш оралиғидаги ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган танловда 8 минг 65 та мактаб жамоаларининг 40 минг 325 нафар ўқувчиси иштирок этди.
[gallery-8135]
Асосий пул мукофоти 500 миллион сўмни ташкил этадиган танловнинг якуний финал босқичи бугун пойтахтимизда жойлашган Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг Assessment марказида бошланди.
Ушбу босқичда республикамизнинг 14 та ҳудудидан келган жамоа иштирокчилари (жами 70 нафар ўқувчи) ғолиблик учун курашмоқда.
Танловнинг Республика босқичи иштирокчилари Буюк Британиянинг Cambridge Assessment English ташкилоти Linguaskill халқаро имтиҳон тизими асосида баҳоланади. Бунда ўқувчиларнинг тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), гапириш (speaking) ва ўқиш (reading) кўникмалари халқаро сертификация асосида синовдан ўтказилади ва баҳоланади.
Синов натижаларига асосан B2 ва ундан юқори натижа қайд этган ўқувчиларга халқаро тан олинадиган тил билиш сертификати берилади.
Финал босқичида ғолиб бўлган мактаб – 500 миллион сўм;
2-ўринни эгаллаган мактаб – 400 миллион сўм;
3-ўринни эгаллаган мактаб – 300 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.
Мукофот суммасининг 50 фоизидан кам бўлмаган қисми – мактаб эҳтиёжларига, жумладан, хорижий тилларни ўқитишни яхшилаш учун шароитлар яратиш, мактаб кутубхонасини бойитиш, техник воситалар билан жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.
Мукофот суммасининг 25 фоизигача бўлган қисми – мактабнинг юқори баҳоланишига ҳисса қўшган, ўқувчиларни фан олимпиадаларига ва танловга тайёрлаган хорижий тиллар ўқитувчиларини рағбатлантиришга қаратилади.
Мукофот суммасининг 25 фоизигача бўлган қисми – танловда умумжамоа сифатида қатнашиб юқори натижалар кўрсатган ўқувчиларни эсдалик совға ёки нақд пул кўринишида рағбатлантиришга йўналтирилади.
Бундан ташқари, «30 июнь — Ёшлар куни» муносабати билан ўтказилган қатор тадбирлардаги ташаббускорлиги учун танловнинг Республика босқичи иштирокчилари (70 нафар ўқувчи) ва уларнинг устозлари (14 нафар) тил кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Буюк Британияга таълим саёҳатига юбориш режалаштирилган.
Танлов жорий йилнинг 5 августига қадар давом этади ҳамда ғолиблар тадбирнинг сўнгги кунида мутасадди ташкилотлар томонидан тақдирланади.
Тадбир давомида журналистлар томонидан мавзуга оид саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.
Н.Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА