Хорижий талабаларни жалб этиш масаласи муҳокама этилди
Самарқанд давлат ветеринария, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалига Ҳиндистоннинг хорижда таълим олиш бўйича йирик консалтинг компанияларидан бири – Gauranga Consultancy Pvt Ltd вакиллари ташриф буюришди.
Дастлаб компания вакиллари филиал директори A. Есимбетов қабулида бўлиб, ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан мулоқот ўтказишди. Учрашув давомида филиалнинг таълим ва илмий салоҳияти, замонавий моддий-техник базаси, хорижий талабалар учун яратилган шароитлар ҳамда ветеринария йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Томонлар олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш ва хорижий талабаларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Бугунги кунда Gauranga Consultancy Pvt Ltd компанияси Ҳиндистоннинг турли ҳудудларида фаолият юритиб, минглаб ёшларнинг хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун кўмак бериб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, компания вакилларининг филиалга ташрифи университетнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.
Мулоқотлар чоғида Ҳиндистон ёшлари учун Ўзбекистоннинг, хусусан, филиалнинг таълим имкониятларини кенг тарғиб қилиш, ветеринария йўналишида халқаро талабаларни жалб этиш ҳамда икки томонлама манфаатли ҳамкорлик механизмларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, истиқболда ўзаро англашув меморандумини имзолаш ва ҳамкорликни институционал асосда ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Ташриф давомида меҳмонлар филиалнинг ўқув бинолари, замонавий лабораториялари, амалий машғулот майдонлари ва талабалар турар жойида яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Улар таълим жараёнини ташкил этиш, талабалар учун яратилган қулай муҳит ҳамда амалий тайёргарлик имкониятларига юқори баҳо бердилар.
Шунингдек, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар ва академик ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Мазкур учрашув филиалнинг халқаро таълим маконидаги интеграциясини янада кучайтириш, хорижий талабалар географиясини кенгайтириш ҳамда университетнинг халқаро рақобатбардошлигини ошириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири