Хорижий инвесторлар ер участкаларини 25 йил эмас, 49 йилгача ижарага олиши белгиланмоқда
Қонун лойиҳасига шарҳ
Мамлакатимизда сўнгги йилларда қулай инвестиция муҳити яратилмоқда. Инвестиция киритишда эса инвесторлар учун ишонч ва ерга доир ҳуқуқларнинг кафолатлари муҳим ҳисобланади.
Бугунги кунда чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ер участкаларига доир ҳуқуқлари турли қонун ҳужжатларида тарқоқ ҳолда белгиланган. Бу эса амалиётда ҳуқуқий ноаниқликларни келтириб чиқармоқда.
Шунингдек, Адлия вазирлигига турли корхоналар, ҳокимликлар, инвесторлар томонидан келиб тушаётган мурожаатларда норезидентларга ер ажратиш борасида қонунчиликда номувофиқликлар мавжудлиги, ер ажратишда ягона ҳужжат йўқлиги каби масалалар кўтарилган. Бу эса инвестицион жозибадорликни пасайтирувчи омиллардан ҳисобланади.
Бундан ташқари, чет эллик инвесторларга ажратиладиган ерларнинг аниқ тоифаси, турлари белгиланмагани ҳисобига стратегик аҳамиятга эга ҳудудлардан ер ажратишда ҳуқуқий ноаниқликлар юзага келиши мумкин.
Шу билан бирга, ўрганишлар ер участкаларида узоқ муддатли лойиҳаларни режалаштиришга қаратилган таклифлар ортиб бораётганини кўрсатмоқда. Амалда эса ноқишлоқ ерларни ижарага бериш муддати 25 йил бўлиб, бу узоқ муддатли йирик инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилади. Бундан ташқари, хорижий инвесторлар ноқишлоқ ерларни аукциондан сотиб олишининг ҳуқуқий тартиби қонунчиликда белгиланмаган.
Шундан келиб чиқиб, хорижий инвесторлар учун ер муносабатларига оид ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ер кодексига чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижий юридик шахслар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ер участкаларига доир ҳуқуқлари алоҳида боб билан тартибга солинмоқда. Хорижий инвесторлар томонидан ер участкаларини ижарага олиш асослари ва шартлари тартибга солинмоқда. Дипломатик ваколатхоналарнинг ерга оид ҳуқуқлари акс этяпти.
Лойиҳа билан инвесторларга ер участкаларини ижарага бериш муддатини 25 йилдан 49 йилгача узайтириш таклиф этиляпти. Мақсад инвесторларнинг узоқ муддатли йирик лойиҳаларга сармоя киритишини рағбатлантириш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, иқтисодиётимизни мустаҳкамлашдан иборат.
Ҳужжат лойиҳасида ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар учун ҳам қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар 49 йил муддатга ижарага берилиши мустаҳкамланмоқда. Амалдаги қонунчиликда мазкур ерлар 30 йил муддатга ижарага берилиши белгиланган.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ер муносабатларида шаффофликни таъминлаш ва ундан самарали фойдаланиш, амалдаги ҳуқуқий нормаларни тизимлаштириш, ер участкаларига нисбатан инвестициявий жозибадорликни ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратилишига хизмат қилади. Хорижий инвесторлар учун ер муносабатларида ҳуқуқий кафолатлар яратади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА