Хорижга ўқиш учун кетувчилар сони нега камайди?
2026 йил бошида Ўзбекистон фуқароларининг хорижда таҳсил олиши билан боғлиқ маълумотда миқдор пасайиши кузатилди. Январь-февраль ойларида 4 000 га яқин ўзбекистонлик ўқиш учун чет элга йўл олган. Бу борада асосий йўналиш Россия, Корея Республикаси ва қўшни давлатлар бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотига кўра, жорий йил дастлабки икки ойида жами 3 964 нафар фуқаромиз ўқиш мақсадида хорижга сафар қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 200 киши ёки 23,6 фоиз кам. Айни ҳолат мамлакатимизда таълим имконияти кенгайиши, маҳаллий олий таълим муассасалари ривожланаётгани ҳамда хорижий университетларнинг юртимиздаги филиалларига қизиқиш ортиши билан изоҳланган.
Таҳлилга кўра, талаба ёшларимиз кўпроқ Россияни танламоқда. Ҳозир ушбу мамлакатда 989 нафар ўзбекистонлик олий таълим оляпти. Кейинги ўринларда Корея Республикаси (679 нафар), Қирғизистон (639), Туркия (300), Тожикистон (276) ва Хитой (252). 829 нафар фуқаромиз бошқа турли давлатларда ўқишни давом эттирмоқда.
Умуман, яқин ҳамкор ва қўшни давлатлар билан фаол таълим алмашинуви Марказий Осиё минтақасидаги академик интеграция кучайиб бораётганини англатади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА