Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда олдиндан кузатувда бўлган, 2003 йилда Фарғона вилоятида туғилган, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро бошқарувидаги “Нексия 3” автотранспорт воситаси Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидан пойтахт томон ҳаракатланиб келган вақтида Чилонзор туманидаги “Эркин” ЙПХ масканида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.
Натижада, автомашина салонида соф оғирлиги 4 кг 811 гр.ни ташкил қилувчи “Альфа ПВП” синтетик наркотик моддаси борлиги маълум бўлди ва ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда ДХХ Тергов бошқармаси томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасининг Андижон вилояти Марҳамат тумани “Бобоҳуросон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида қирғизистонлик шахс чегара сим тўсиқлари устидан улоқтирган 1 дона қоғоз қутини қабул қилиб олган вақтларида 1985 ва 1987 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро ушланди.
Ушбу қоғоз қути холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг ичида 9988 дона “Зардекс” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқар олар агар кундалик ҳаётда бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.