Хорижда ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган болаларни Ватанга қайтариш ишлари давом этмоқда
Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизими айнан инсон манфаатларига йўналтирилган бўлиб, бу жараёнда вояга етмаган болалар ҳуқуқларини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик натижасида хорижда ота-она қарамоғисиз қолган 6 нафар вояга етмаган бола Ўзбекистонга қайтарилди.
Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти орқали мамлакатимизга олиб келиниб, ўз оилалари бағрига топширилди.
Ҳозирги вақтда болалар ҳамда уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларни доимий кузатиб бориш ишлари яшаш жойлари бўйича “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, ушбу ҳамкорлик доирасида жорий йилнинг март ойида ҳам 5 нафар вояга етмаган бола Ватанга қайтарилган эди.
Шербек ИСЛОМОВ,
ЎзА