Сўнгги йилларда мамлакатимизда етиштирилаётган ғўзадан сифатли ҳосил олиш ва турли навларни тажрибадан ўтказиш борасида кенг кўламли агролойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шундай тажрибадан бири Бўка туманидаги “Шукрулло Ясмина агро” фермер хўжалигида ўтказилди. Туркиянинг замонавий “Tarteksan” технологияси асосида етиштирилган пахта ҳосилининг бир қисми шу кунларда териб олинди.

Айтиш мумкинки, ушбу фермер хўжалигига қарашли 12 гектар ер майдонининг 2 гектарлик ҳудудини қамраб олган тажриба участкасида етиштирилган пахтанинг маҳаллий “С-8292” нави замонавий технологияларнинг самараси ва туркиялик мутахассислар билан олиб борилган ҳамкорлик натижаси туфайли яхши ҳосил берди.
Фермер хўжалиги раҳбари Азизмуҳаммад Ғафуровнинг айтишича, бу йилги ҳосил миқдори ўтган йилгига нисбатан сезиларли даражада ошган. 2 гектар майдондан умумий ҳисобда 80 центнер ҳосил олиниши кутилмоқда. Ўтган йилги ҳосил 40-50 центнерга етганди.

Ҳозир 40 га яқин теримчи жалб этилган ушбу дала майдонида биринчи терим якунланди ва 20 кундан кейин иккинчи теримни бошлаш режалаштирилган. Аслида тажриба участкасида қўлланилган “Tarteksan” технологияси пахта етиштиришда сувни тежаш, тупроқ унумдорлигини яхшилаш ва ҳосилдорликни ошириш каби инновацион ёндашувларни ўз ичига олади. Бунда экилган ғўзани парваришлаш учун талаб этиладиган турли минерал ўғитлар ва сув ресурслари тупроқнинг ҳолатидан келиб чиқиб, автоматлаштирилган тизим орқали бериб борилади.
Ушбу тажриба участкасини ташкил қилишдан мақсад мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланишда замонавий суғориш технологияларини кенг жалб қилиш орқали пахта майдонларида ҳосилдорликни оширишга эришишдир.
А.Мусаев, ЎзА мухбири