Хориж музейларидаги Темурийлар мероси рақамли маконга кўчирилади
Бугунги кунда маданий меросни асраб-авайлаш билан бир қаторда, уни замонавий технологиялар асосида ўрганиш, рақамлаштириш ва кенг жамоатчиликка етказишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, музей ашёларининг рақамли нусхаларини яратиш, уларни 3D моделлаштириш ва виртуал муҳитда намойиш этиш тарихий меросни сақлаш ва оммалаштиришнинг замонавий усулларидан бирига айланмоқда. Бундай ёндашув нодир экспонатларни келажак авлод учун рақамли форматда асраш, уларни илмий тадқиқотларга жалб этиш ҳамда кенг аудиторияга тақдим қилиш имконини беради.
Бу борада Темурийлар даврига оид тарихий-маданий меросни рақамлаштиришга қаратилган янги илмий лойиҳа муҳим аҳамият касб этади. Россия, Буюк Британия ва Туркия музейларида сақланаётган 50 та тарихий ашёнинг 3D моделлари яратилиб, улар асосида анимацион ва видеомаҳсулотлар тайёрланиши режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, лойиҳа раҳбари Дилафрўз Қурбонова қуйидагиларни маълум қилди:
– Россия, Буюк Британия ва Туркия музейларига амалий сафарлар давомида 50 та тарихий ашёнинг юқори сифатли фотоматериаллари тўпланди. Ушбу материаллар асосида тарихий ашёларнинг рақамли 3D моделлари яратилади. Шунингдек, мавжуд тарихий картиналар анимацияга айлантирилиб, улар асосида видеомаҳсулотлар тайёрланади. Ҳар бир ашё ҳақида ўзбек тилида илмий тавсиф ва аннотация берилади.
Темурийлар даври илм-фан, меъморчилик, адабиёт, тасвирий ва амалий санъат юксак тараққий этган, жаҳон тамаддуни тарихида алоҳида ўрин тутган давр сифатида эътироф этилади. Бу даврга оид моддий ва маданий мерос намуналарининг бир қисми бугунги кунда хорижий музейлар, кутубхоналар ва шахсий коллекцияларда сақланмоқда.
Ана шу меросни замонавий технологиялар асосида ўрганиш ва рақамлаштириш мақсадида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан “Олима аёллар” танлови доирасида “Хорижий музейларда сақланаётган темурийларга оид ашёларнинг 3D модели ва анимацион тасвирини яратиш” лойиҳаси молиялаштирилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади хорижда сақланаётган Темурийлар даврига оид тарихий ашёларни аниқлаш, уларни илмий жиҳатдан ўрганиш ва тавсифлаш, шунингдек, ашёларнинг 3D моделлари ҳамда анимацион тасвирларини яратишдан иборат.
Лойиҳа доирасида Россия, Буюк Британия ва Туркия музейларида сақланаётган Темурийлар даврига оид ашёлар қамраб олинмоқда. Бугунга қадар мазкур мамлакатлардаги музейларга амалий сафарлар ташкил қилиниб, 50 та тарихий ашёнинг юқори сифатли фотоматериаллари тўпланган.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири турли мамлакатларда тарқоқ ҳолда сақланаётган Темурийлар меросини ягона рақамли ва илмий ахборот маконига жамлаш. Бунинг натижасида тарихий ашёларнинг рақамли нусхаларини яратиш, уларни илмий тадқиқотларга жалб этиш ва кенг жамоатчиликка замонавий форматда тақдим қилиш имконияти кенгаяди.
Яратилган 3D моделлар музейлар, таълим муассасалари, тадқиқотчилар ва кенг жамоатчилик учун замонавий рақамли ресурс вазифасини бажаради. Шунингдек, Темурийлар тарихи давлат музейининг temurid.uz сайти янги илмий ва визуал контентлар билан бойитилади.
Рақамли контентларнинг кўпайиши музей меросини виртуал муҳитда намойиш этиш, тарихий ашёлар билан кенгроқ аудиторияни таништириш ва маданий туризмга қизиқишни ошириш учун қўшимча имконият яратади. Хусусан, 3D моделлар орқали экспонатларнинг ташқи кўриниши ва хусусиятларини виртуал тарзда ўрганиш, улар ҳақидаги илмий маълумотларни бир жойда жамлаш мумкин бўлади.
Лойиҳа доирасида яратилган 3D моделлар ва анимацион маҳсулотларни интеллектуал мулк сифатида ҳимоя қилиш ҳам режалаштирилган. Келгусида ушбу рақамли маҳсулотлар Ўзбекистон ва хорижий музейлар ўртасида илмий-маданий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва Темурийлар меросини замонавий технологиялар асносида халқаро миқёсда тарғиб этишга замин яратади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА