Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Ахборот ҳамкоримиз - Лотин Америка ахборот агентлиги (LANA) юртимизни қадим цивилизация ва замонавийлик чорраҳасидаги макон сифатида тавсифловчи мақола эълон қилди.
Унда қайд этилишича, Марказий Осиё юрагида жойлашган Ўзбекистон нафақат географик ўрни, балки бой маданий ва маънавий мероси билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Мамлакат табиати хилма-хил бўлиб, баҳорда яшил водийлар, ёзда мусаффо осмон, кузда олтинранг боғлар, қишда эса сокин манзаралар уйғунлашган ҳолда намоён бўлади.
Муаллиф Ҳисор ва Зомин тоғлари ҳавоси мусаффолиги, Қизилқум чўли кенгликлари ҳамда Амударё ва Сирдарёнинг мамлакат табиатига ўзига хос кўрк бағишлашини таъкидлайди.
Мақолада ўлкамиз тарихий мероси ҳам алоҳида урғу билан ёритилган. Таъкидланишича, мамлакат асрлар давомида Буюк ипак йўлининг муҳим марказларидан бири бўлиб, бу ерда илм-фан ва савдо тараққий этиб келган.
Муаллиф фикрича, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкент нафақат миллий мерос, балки бутун инсоният цивилизациясининг бебаҳо хазинаси ҳисобланади.
Хусусан, Самарқанд “Шарқ дурдонаси” сифатида таърифланиб, Регистон майдони меъморий ансамбли дунё миқёсида тан олингани қайд этилган. Бухоро эса маърифат ва илм маркази сифатида, Хивадаги Ичан-қалъа мажмуаси эса “вақт тўхтаб қолган шаҳар” сифатида тасвирланади.
Пойтахт Тошкент эса замонавийлик ва тарих уйғунлиги намунаси сифатида таърифланиб, мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази сифатида баён этилган.
Д.Ҳакимов, ЎзА