Хоразмнинг экспорт салоҳияти 8 йилда 16 баробарга ошган
Урганчда Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Нодир Мусамухамедов Хоразм вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мазкур тадбирда вилоятдаги 70 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтираётган масалалар, мавжуд муаммолар ҳамда турли таклиф ва ташаббусларни илгари суришди. Шунингдек, очиқ мулоқотга Хоразм вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ҳамда ташқи иқтисодий фаолият жараёнлари билан бевосита боғлиқ бўлган 7 та вазирлик ва идоранинг ҳудудий масъуллари ҳам жалб этилди.
– Бугун бундай юзма-юз мулоқотлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида изчил ташкил этилмоқда. Бу эса тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини яна бир бор тасдиқлайди, – деди қўмита раиси ўринбосари Н.Мусамухамедов.
У Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган эътиборни алоҳида таъкидлаб, қуйидаги фикрларни келтирди:
“Хоразмда тадбиркорлик ҳаракати орқага қайтариб бўлмайдиган катта кучга айланди. Логистика занжиридан узоқда, табиий ресурслари чекланган бу диёрда кичик ва ўрта бизнес жадал ривожланмоқда”.
Қайд этилганидек, мазкур эътироф ҳудуд тадбиркорларининг салоҳияти, ташаббускорлиги ва меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлик фаолияти жараёнида юзага келаётган мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш билан бир қаторда, ташқи савдо фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар ҳам эшитилди.
– Хоразмликларнинг меҳнаткашлиги ва тадбиркорлик салоҳияти туфайли сўнгги йилларда вилоят иқтисодиётида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда, – деди Н.Мусамухамедов. – Хусусан, саккиз йил аввал саноат маҳсулотлари экспорти атиги 11 миллион долларни ташкил этган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич 179 миллион долларга етиб, қарийб 16 баробарга ошди. Мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳисобига саноат ва мева-сабзавот экспорти ҳажмини 463 миллион долларга етказиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини эса 1,5 баробарга оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу жараёнда истиқболли лойиҳалар ва пухта бизнес-режалар ишлаб чиқиб, иқтисодий тараққиётга муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади.
Тадбир давомида вилоятнинг ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳамда юқори натижаларни қайд этган бир гуруҳ тадбиркорлар тантанали равишда тақдирланди.
Жумладан, "ARTATEX" корхонаси раҳбари Наргиза Бекмуратова "Энг яхши аёл тадбиркор",
“EUROTEKS” корхонаси раҳбари Элёр Душамов "Энг яхши экспортёр", “SILKWAYTEX” корхонаси раҳбари Равшан Турабаев "Божхона ҳудудида қайта ишлаш" режимидан энг самарали фойдаланган тадбиркор ҳамда “UZXCMG” корхонаси раҳбари Алибек Ишчанов "Энг интизомли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси" номинацияси бўйича эътироф этилди. Шунингдек, "Urganch Bahmal" корхонаси ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритганлиги эълон қилинди. Буни тасдиқловчи гувоҳномани корхона раҳбари Умрбек Бекчанов қабул қилиб олди.
[gallery-30248]
Мулоқот чоғида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан кўтарилаётган долзарб масалалар муҳокама қилиниб, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорлар учун яратилаётган қулайликлар ҳамда янги имкониятлар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар томонидан билдирилган таклифлар, амалий фаолиятда учраётган муаммо ва мавжуд масалалар юзасидан фикр алмашилиб, уларни ҳал этишга қаратилган тегишли вазифалар ҳамда кейинги амалий чоралар белгилаб олинди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА