Хоразмда югуриш мусобақалари ўтказилди
Қадимий Хива шаҳрида “Silk Road Khiva” халқаро ва оммавий югуриш мусобақалари бўлиб ўтди.
Эрталабдан мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан етиб келган ҳамда маҳаллий спортчилар халқаро тадбир аввалида “Арда Хива” туристик мажмуаси олд майдонида жам бўлишди.

Мусобақа иштирокчиларига старт беришдан олдин Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ва Миллий гвардиянинг автомобилчилари паради бўлиб ўтди.
Шундан сўнг “Silk Road Khiva” халқаро мусобақаси 5 ва 10 километр масофа бўйлаб “Арда Хива” туристик мажмуасидан старт олди, тарихий Хиванинг гўзал масканлари бўйлаб давом этиб ва яна шу мажмуада якунланди.

Ташкилий қўмита берган маълумотларга кўра, мусобақа иштирокчиларининг деярли 250 нафари 10 километр, 350 нафари эса 5 километрлик масофада ўз омадини синаб кўришди.
– Мусобақа иштирокчиларининг 5 километр масофадагилари “Арда Хива” туристик мажмуасидан “Ичан қалъа”нинг Ота дарвозаси олдигача, 10 километргача бўлганлари яна ўша старт олган жойигача югуришди, – дейди Марказий Осиё югуриш ва юриш академияси директори Шуҳрат Усмонов. – Мусобақа халқаро бўлгани учун Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ҳам иштирокчилар келган. Улар ҳам бизнинг спортчилар билан бирга югуришди. Уларнинг барчаси яратилган шароитлар ва берилган имкониятлардан жуда хурсанд. Айниқса, қадим Хива кўчалари уларда катта таассурот қолдирди.

Мусобақа иштирокчиларидан Тошкент вилояти вакили Элдор Ботиров ва Навоий вилояти спортчиси Садафбону Нусратуллаевалар барча рақибларини ортда қолдириб, 10 километр масофага югуриш бўйича “Silk Road Khiva” мусобақасининг ғолиблари бўлишди.
– Мен 10 километрлик масофага югуриш бўйича ғолиб бўлдим, – дейди Элдор Ботиров. – Мусобақа жуда эсда қоларлик бўлди. Эрталабдан тоза ҳавода Хиванинг чиройли жойлари бўйлаб югурганим менга бошқача куч берди. Бошқа спортчилар ҳам менинг фикрларимга қўшилади. Энг муҳими, ҳамма аъло кайфият билан югуришди. Ғолиб бўлганимдан хурсандман. Бироқ бу марафонда қатнашган ҳеч бир иштирокчи ютқазмади, деб ҳисоблайман.

Беш километрлик масофага бўлган югуришда Навоий вилоятидан Беҳруз Шавкатов ва сурхондарёлик Шоҳсанам Хуррамоваларга тенг келадигани топилмади.

Сўнгра тадбир доирасида кичикроқ масофаларга болалар ўртасида “Kids Run”, талабалар ўртасида “Талаба-Югур”, шунингдек, имконияти чекланган шахслар ўртасида “Инсон учун” югуриш мусобақалари ҳамда “Nordic Walking” скандинавча юриш баҳслари ташкил этилди.

Мазкур баҳслар доирасида 3 минг метрлик масофага талабалар, ёшлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари ва ҳарбий хизматчилар, спортчилар ҳамда югуриш ишқибозлари ҳам ўз имкониятларини синаб кўрдилар.

Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар тантанали равишда тақдирланди. Уларга эсдалик совғалари ҳамда пул мукофотлари топширилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири