Хоразмда тиббиёт ходимлари ўртасида спорт мусобақалари бошланди
Спорт – инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний ва руҳий барқарорликни таъминлашнинг энг самарали воситаларидан биридир. Мунтазам машғулотлар организмни чиниқтиради, иммунитетни оширади, инсонда интизом ва матонатни шакллантиради.
Шу нуқтаи назардан, Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими ходимлари ўртасида “Соғлом танда – сифатли тиббиёт” шиори остида “Касаба уюшмаси кубоги” спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичи старт олди.

Унда Хоразм вилоятининг барча туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган 25 та тиббиёт муассасасининг 500 нафардан ортиқ ходимлари иштирок этмоқда.

Мусобақалар мини-футбол, шахмат, шашка, стол тенниси ҳамда волейбол йўналишлари бўйича ўтказилмоқда. Мазкур беллашувлар соғлиқни сақлаш тизими ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жамоавийликни мустаҳкамлаш ҳамда спортга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА